Франция Украинага зенит-ракета қуролларини беради – Макрон
Олам
−
13 Октябрь 2022
4058Франция Украинага мамлакатни ракета зарбалари ва дрон ҳужумларидан ҳимоя қилиш учун бир қатор янги қуролларни топширади. Бу ҳақда Франция Президенти Эммануэль Макрон “France 2” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
“Франция Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг мамлакат ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш учун қурол сўровига жавобан Украинага радар ва зенит-ракета тизимлари етказиб бермоқчи”, дейди Макрон.
Шунингдек, Франция раҳбари Париж тегишли қуролларни яқин ҳафталарда топширишни режалаштираётганини қўшимча қилган. Бироқ у айнан қанча ракета ва бошқа тизимлар берилишига аниқлик киритмаган.
Бундан ташқари, Макрон Франция Украинага дастлаб Дания учун мўлжалланган олтита Caesar гаубицаларини бериш ҳақидаги ваъдасидан қайтмаганини айтган.
Унинг сўзларига кўра, Париж бу масала устида ишламоқда ва яқин келажакда ушбу ускунани етказиб беришни истисно этмайди.
Эслатиб ўтамиз, Россия 10 октябрь куни Киев, Днепр ва Украинанинг бошқа бир қатор шаҳарларини кучли ракета зарбаларига дучор қилди. Украина бутун мамлакат бўйлаб ҳаво огоҳлантиришини эълон қилди. Киевда, шунингдек, Украинанинг бошқа ҳудудларида, жумладан Днепр вилояти, Одесса ва Харьковда эрталаб бир қатор портлашлар содир бўлди.
Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Ростислав Смирновнинг айтишича, камида 20 киши ҳалок бўлган, 60 га яқин киши жароҳатланган. Портлаш оқибатида олтита автомобиль вайрон бўлган, яна 15 таси зарар кўрган. Маҳаллий Telegram каналлари хабарига кўра, портлашлар Украина хавфсизлик хизмати маъмурияти биноси ҳудудида, шунингдек, Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг Володимирска кўчасидаги кабинетларидан бирида содир бўлган. Киев метросида қизил чизиқда поездлар ҳаракати тўхтатилди, барча ерости станциялари бошпана сифатида ишлайди.
Ҳужум ортидан АҚШ Жо Байден Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етказиб берилишига ваъда берди. Германия эса аввал ваъда қилган хенит-ракета мажмуасини Киевга етказиб берди.
LiveБарчаси