Франция Президентига тарсаки туширган эркак ҳолат юзасидан кўрсатма берди
Олам
−
09 Июнь 2021
21585Аввалроқ Франция Президенти Эммануэль Макрон мамлакат бўйлаб сафар қилаётганда номаълум эркак унга тарсаки туширгани ҳақида хабар бергандик. Воқеа кеча, 8 июнь куни Дром департаментининг Тен-ЛʼЭрмитаж коммунасида содир бўлганди.
Бугун, 9 июнь куни Франция Президентига тарсаки туширган одам терговчиларга унинг ҳаракати ўз-ўзидан юз бергани ҳамда буни олдиндан режалаштирмаганини айтди. Бу ҳақда маҳаллий BFM телеканали ўз манбасига асосланиб хабар берди.
“Сўроқ пайтида гумонланувчи ўзидан-ўзи тарсаки тушириб юборганини, унинг ҳаракатлари атайлаб қилинмаганини айтди”, дейди телеканал манбаси.
Маълум қилинишича, мамлакат Президентига тажовуз қилган эркак ва унинг шеригини ҳибсда ушлаб туриш муддати бугун, 9 июнь куни яна бир суткага узайтирилган. Маълумотларга кўра, Президент Макроннинг юзига тарсаки урган киши “Тарихий қуролларни йиғувчилар” клубининг 28 ёшли раҳбари бўлган.
Ҳужумни видеокамерада тасвирга олаётган шеригини тинтув қилиш пайтида полиция қурол ва Адолф Гитлернинг “Mein Kampf” (“Менинг курашим”) китобининг нусхасини топган. Ҳибсга олинганлар 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши ва 45 минг евро миқдорида жаримага тортилиши мумкин.
Ҳолат юзасидан мамлакат Бош вазири Жан Кастекс қуйидагича фикр билдирганди:
“Давлат раҳбарига нисбатан бундай ҳаракатлар демократиянинг ўзига қарши қаратилган. Демократия – бу фикрлар тўқнашуви, аммо бу оғзаки таҳқирлаш ёки жисмоний тажовуз эмас”.
Орадан вақт ўтиб, Франция Президентининг ўзи ҳам ушбу кўнгилсизликка изоҳ берди.
“Агрессив одамларнинг жамоатчилик муҳокамасини эгаллаб олишига йўл қўймайлик. Улар бунга лойиқ эмас”, деган Макрон.
Ушбу ҳолат Франция Президентига уюштирилган илк ҳужум эмас. 2011 йилда Франция Президенти Николя Саркози оломонга яқин бўлган темир панжара бўйлаб юриб кетаётганда одамлардан бири давлат раҳбарининг ёқасидан ушлаб олган. Ўшанда Президентга ташланган киши шартли равишда 6 ойга қамалганди.
LiveБарчаси