Франция ҳукумати мусулмонлар учун хусусий лицейни қўллаб-қувватлашни тўхтатди

Олам

image

Францияда мусулмон болалари таълим олаётган мамлакатдаги етакчи таълим муассасаларидан бири – Аверроэс  лицейи (Ибн Рушд) билан тузилган давлат шартномаси бекор қилинди. Бу ҳақда “Le Parisien” нашри хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, тегишли қарор Франциянинг О-де-Франс вилояти губернатори Жорж-Франсуа Леклер томонидан қабул қилинган. Леклер бу қарорини лицейда берилган таълим Франция Миллий таълим вазирлиги ўқув дастурига “тўлиқ мос келмаслиги” билан изоҳлаган.

Минтақавий ҳокимиятлар ўқув дастурида "маданият, жинслараро муносабатлар, гомосексуализм" каби мавзулар бўйича ресурслар етишмаслигини қайд этган.

Шунингдек, улар ўқув дастуридаги ислом динига оид маълумотлар миқдори бошқа динларга оид мавзулар сонидан кўп, деб ҳисоблаган.

О-де-Франс ҳокимиятига кўра, лицейда ишлайдиган баъзи ўқитувчилар "республика қадриятларига қарши".

Қарор лицейнинг доимий ўқитувчиларини ва йиллик бюджетидан ярим миллион евро миқдорида давлат ёрдамини йўқотишига олиб келади. Ноябрь ойида Махсус таълим бўйича маслаҳат комиссияси 2008 йилда мактабга берилган шартномани бекор қилиш учун овоз берди.

Франция мусулмонлари федерацияси бунга жавобан Аверроэс лицейи ўқитувчилари билан бирдам эканликларини билдирди. 

Таълим муассасаси Лилл шаҳрида жойлашган. Лицей 2003 йилда ўз фаолиятини бошлаган ва биринчи бўлиб рўмол ўраши сабабли бошқа таълим муассасаларига бора олмаган мусулмонлар учун ўз эшикларини очган. Аверроэс битирувчилари университетларга киришда муваффақият даражаси 90 фоиздан ошади.

Йиллар давомида ўқувчилар сони ортиб бораётган лицейдан ташқари Аверроэс ўрта мактаби ҳам 2012 йилда иш бошлаган. Бугунги кунда Аверроэс ўрта мактаби ва лицейида 800 дан ортиқ ўқувчи таҳсил олмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция таълим мусулмонлар Жорж-Франсуа Леклер Le Parisien

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг