Фожиа сабаби ҳамон номаълум. ФВВ Сергелидаги ёнғин бўйича қўшимча маълумот берди
Жамият
−
22 Май 2021
8985Аввалроқ, 20 май кун Сергели туманидаги Наврўз 6-тор кўчасидаги уйларнинг бирида ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар берган эдик. Хабар тарқалиши билан уйи маҳаллада яшовчи фуқаролар QALAMPIR.UZ’га мурожаат қилиб, ҳодисада бир эмас беш уй ёнганини маълум қилди.
Бугун, 22 май куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сергелидаги ёнғин юзасидан қўшимча маълумот берди.
Вазирлик ёнғин юз берган куни Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг тезкор-қутқарув гуруҳига Сергелидаги “Пастдархон” МФЙ Наврўз 6-тор кўчасида бир уй ёнаётгани ҳақида хабар келганини маълум қилган.
“Жорий йилнинг 20 май тонги соат 7:35 да Сергели тумани “Пастдархон” МФЙ Наврўз 6-тор кўчасида жойлашган хонадонларнинг бирида ёнғин бўлаётганлиги юзасидан Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг тезкор-қутқарув гуруҳига хабар келиб тушган. Ёнғин бўйича бирламчи маълумот Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати томонидан интернет тармоқларида тезкорлик (бу вақтда ёнғин фақат бир уйда бўлаётган эди) билан ёритилган”, дейилади ФВВ хабарида.
Ёнғин жойига биринчи бўлинма соат 7:45да, яъни 10 дақиқада етиб борган, қолган ёнғин-қутқарув бўлинмалари соат 07:47дан соат 08:24 га қадар, жами 5 та бўлинма ёнғин жойига етиб борган.
Қайд этилишича, ёнғин содир бўлган хонадон қўшни хонадонларга зич қилиб қурилгани, ёнғинга қарши деворлар бўлмагани, шу билан бирга, шамол тезлиги юқори бўлиб тургани сабабли ёнғин бошқа хонадонларга ҳам тезлик билан тарқалиб, натижада 3 та хонадонга тегишли 200 м кв майдонда ёнғин юзага келган.
“Ёнғин-қутқарув бўлинмалари тонгги вақтда пойтахт кўчаларида мавжуд бўлган тирбандликларга дуч келганлиги, “Пасдархон” МФЙ, Наврўз 6-тор кўчасидаги ер ости гидрантининг сув босими паст бўлганлиги каби ҳолатлар ёнғинни тезлик билан бартараф этишга салбий таъсир кўрсатган.
Ёниғин-қутқарув бўлинмалари томонидан амалга оширилган ишлар натижасида, ёнғиндан жабрланган ва ҳалок бўлганлар қайд этилмаган”, дейилади хабарда.
Вазирлик ҳозирда ёнғин сабаблари ва моддий зарар миқдори аниқланаётганини қўшимча қилган.
Қайд этиш керакки, QALAMPIR.UZ’га мурожаат қилган фуқаролар ўт ўчирувчилар кечикиб келганини айтиб, ОАВда нотўғри маълумот тарқатилганига жиддий норозилик билдирди.
Шунингдек, фуқаролар ёнғин туман электр тармоқлари корхонасининг ишига совуққонлик билан ёндашгани сабабли юз берганини айтмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь