Фуқаролар норози: Сергелида бир эмас, беш уй ёнган

Жамият 10494

Хабарингиз бор, бугун, 20 май куни Сергели тумани Наврўз маҳалласи 6-тор кўчасида ёнғин юз берди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги берган бирламчи маълумотда ёнғин битта уйда содир бўлгани хабар қилинди.

Ёнғин ҳақида хабарлар тарқалгач, фуқаролар QALAMPIR.UZъга мурожаат қилиб, ҳодисада бир эмас, 4 та уй ёниб кетгани ва битта хонадон зарарланганини айтиб, норозилик билдирди. Ҳолатни ўрганиш ва фуқаролар норозилигини тинглаш учун QALAMPIR.UZ жамоаси воқеа жойига етиб борди.

Фуқароларнинг айтишича, кеча, 19 май куни кузатилган кучли шамол натижасида электр таъминотида узилиш юз берган. 20 май куни тонги соат 6:45 лар атрофида электр тармоғига қайта уланиш пайти катта кучланишда келган электр токи натижасида чақнаш содир бўлган.

“Соат 6:45 ларда “свет” жудаям ёруғ ҳолда келди. Мен уй ва ҳовлидаги чироқларни ўчирдим. Кучланиш катта бўлгани учун уйдаги барча чироқлар, хусусан Wi-Fi аппаратимизнинг чироқлари ҳам ёруғ бўлиб кетди. Кейин қаердандир тутун чиққанини кўриб, турмуш ўртоғим билан кўчага чиқсак, қўшнимизни уйи ёнаётган экан”, дейди фуқаро Маҳбуба Баҳриддинова.

Шу маҳсаллада яшовчи бошқа бир фуқаро ўт ўчирувчилар 1,5 соат деганда келганини айтиб ўтди.

“Кеча шамол бўлгани учун “свет”имиз ўчганди. Шу билан электр токи берилмади. Эрталаб менга жияним “амма уйимиз ёняпти” деб телефон қилди. Келсам, уй аллақачон ёниб бўляпти. 

Ўт ўчирувчиларни чақирдик. Улар ҳам бир ярим соатда етиб келди. Келгандан кейин эса “сувимиз йўқ” дейди. Канализацияга уласак “напор” йўқ дейди. Бу орада эса олов бошқа уйларга ҳам ўтиб кетяпти. 

Биз ёнган молимизга ачинаётганимиз йўқ, жонимиз омон қолди”, дейди бошқа бир фуқаро Салтанат Зуфарова.

Ёнғиндан уйи зарарланган фуқаролар мазкур ҳолатга электр тармоғи корхонаси айбдорлигини айтмоқда. Уларга кўра, Сергели тумани электр тармоғи корхонаси бир кун олдинги шамолдан кейин  тармоқда узилган симлар бор ёки йўқлигини текширмасдан туриб, электр таъминотини қайта тиклаган.

Фуқароларнинг фикрига эса соҳа мутахассисининг муносабати шундай:

“Ёнғин бўлган жойга етиб келдик. Бу ердаги одамлар ёнғин қисқа туташув натижасида бўлган дейишяпти. Ҳозир биз мутахассислар билан ёнғин ростдан ҳам қисқа туташув натижасида содир бўлдими ёки бошқа сабабданми ўрганиб чиқамиз. Ўрганиб чиққанимиздан кейин эса якуний хулосасини берамиз”, дейди “Зангиота тумани электр тармоғи” корхонаси бош муҳандиси Комилжон Эргашов.

ФВВ матбуот хизмати Сергели туманидаги Наврўз маҳалласида битта уй ёнгани ва ўт ўчирувчи гуруҳ воқеа жойига етиб бориб, ёнғинни бир неча дақиқа ичида бартараф этганини маълум қилганди. Шу билан бирга айни пайтда ёнғинга олиб келган сабаблар ўрганилётгани ва ҳодисада ҳеч ким жабрланмагани билдирилганди.

Aммо, биз воқеа жойига етиб борганимизда шунга гувоҳ бўлдикки, маҳаллада бир эмас, 4 та хонадон буткул ва яна бири эса қисман ёнган.

Фуқаролар бундай ёлғон ахборот берилганидан норози. Улар ўт ўчирувчилардан хабарда нега битта уй ёнди дейилгани ва қолган хонадонлар билан боғлиқ вазият очиқланмагани сабабини сўради. Шахси сир сақланишини хоҳлаган ходим эса фуқароларига норозилигига жавобан Наврўз маҳалласида 4 та уйда ёнғин келиб чиққани ҳақида ўз вақтида бошлиқларига ахборот берганини, аммо нима учун хабарда бундай нотўғри маълумот тарқатилганидан бехабарлигини айтди.

Мурод Бердиев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 325
Рейтинг: 3
t
×