Фоторепортаж: байроғи Тошкент кўчалари бўйлаб ҳилпираган Венгрияга саёҳат

Бу қизиқ

image

Ўзбекистон Венгрия Бош вазири Виктор Орбанни эҳтиром ила кутиб олди. Пойтахтнинг марказий кўчалари бўйлаб икки давлат байроқлари бир неча кундан бери ҳилпираб турибди. Албатта, буларнинг барчаси бежиз эмас. Мақсад икки ўртадаги муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқич – стратегик даражага олиб чиқишдир. Шу ўринда, Ўзбекистон ва Венгрия раҳбарлари ўртасида олий даражадаги музокаралар ўтказилди. Венгрия Бош вазири Ўзбекистонда меҳмон бўлиб турибди.

Меҳмон бўлиш навбати энди QALAMPIR.UZ ўқувчиларида. Қуйида Марказий Европада жойлашган Венгриянинг узоқ йиллик ўтмиши давомида шаклланиб келган, диққатга сазовор жойларига виртуал саёҳат қиламиз.

Венгрия парламенти биноси

Венгрия пойтахти Будапештда, Дунай дарёси бўйида жойлашган парламент биносининг қурилиши 1885 йилда бошланган ва деярли 20 йил давом этган. Унинг архитектурасида нео-готик ва парижлик Бозар услуби шарқона мотивлар билан ғаройиб тарзда бирлашган. Ушбу иншоот Венгриядаги энг йирик бино бўлиб, 27 метр баландликдаги гумбази остида 691 та хонани ўз бағрига олган. 

Будапешт қалъаси

Ушбу бино UNESCO мероси рўйхатига киритилган ва Венгрия қироллари қароргоҳи сифатида хизмат қилган. Саройнинг энг қадимги қисми XIV асрда қурилган. Узоқ ўтмиш давомида қалъа кўплаб қамал, вайронагарчилик ва қайта қуришларни бошдан кечирди. Қалъанинг реконструкцияси 1980 йилда якунланган. Сақланиб қолган тарихий қисмлари орасида Сандор саройи, Венгрия шароблари уйи ва Балиқчилар қалъаси бор.

Вишеград қалъаси 

Ушбу қалъа XIII асрда қурилган. Ўрта асрларда Вишеград қалъаси Венгрия қиролларининг макони бўлган. XVIII асрда, Австрия қўшинлари босқини пайтида у деярли бутунлай йўқ қилинди. Вайроналар орасида фақат Сулаймон минораси омон қолган. Ҳозирда у ерда реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Қалъанинг тикланган деворларида ўрта асрлар ошхоналари ва овқат залининг ички қисмини кўриш мумкин.

Цитадель қўрғони 

XVIII асрда Геллерт тепалигининг ён бағирлари узумзорлар билан қопланган эди. Кейинчалик унинг тепасида қўрғон қурилди. Дунай дарёси қирғоғининг ҳар икки томондан кўриниши унга алоҳида стратегик тус берганди. Австрия-Венгрия 1867 йилда шакллангунга қадар ушбу қўрғон тахминан 20 йил давомида ҳарбий жиҳатдан хизмат қилган. Иккинчи Жаҳон урушидан сўнг ушбу қўрғон ёнидан 26 метрлик пойдевор устига 14 метрлик Озодлик ҳайкали ўрнатилган. Ушбу ҳайкал Венгрияни фашистлардан озод қилиш хотирасига бағишланган.

Сечени занжирли кўприги 

Ушбу кўприк Венгрия пойтахти ҳали алоҳида икки Буда ва Пешт шаҳри бўлган даврларда қад ростлаган ҳамда унинг рамзига айланган. Бундан ташқари, Сечени занжирли кўприги мамлакатдаги биринчи тош кўприк ҳисобланади. Ушбу кўприк 1849 йилда ишга тушганида дунёдаги энг катта иншоотларидан бири эди. У немис қўшинлари томонидан портлатилганидан сўнг 1949 йилда тикланиб, қайта очилган. Ҳозирда кўприкнинг узунлиги 380 метр ва кенглиги 14,5 метрни ташкил этади. 

Қаҳрамонлар майдони 

Бу майдон Венгрия пойтахти Будапештда жуда машҳур. 1896 йилда ушбу майдон очилишига 50 мингга яқин одам ташриф буюрган. Майдоннинг ўртасида 36 метрли “Минг йиллик” номли ёдгорлик жойлашган. Ёдгорлик девори бўйлаб мамлакат қаҳрамонларининг кўриниши акс этган. Уларнинг орасида эса Арпадлар (Венгрияни IX-XIV асрларда бошқарган) қироллик сулоласининг 14 вакили бор. Майдоннинг меъморий асосини классика услубида эклектизм ва барок элементлари билан қурилган музей бинолари ташкил этади.

“Рыбацкий” бастион

Бастионнинг қурилиши 1905 йилда якунланган. Майдон галерея кўринишида безатилган бўлиб, узунлиги 140 метр, эни эса 8 метрни ташкил этади. Бастион ҳарбий иншоот бўлишига қарамай, мудофаа мақсадида қурилмаган. Илгари бу жойда балиқ савдоси билан шуғулланилган бўлса, энди у Матьяш черковига ажойиб меъморий қўшимчадир. Бастион деворлари устидан Дунай дарёси ва пойтахтнинг мафтункор манзараси кўринади.

Венгрия опера театри 

Ушбу иншоот XIX асрда неоренессанс ва барокко услубида қурилган. Аудиториядаги девор расмлари таниқли рассомлар: Берталан Секей, Лотз, Тан томонидан тайёрланган. Машҳур актёрлар, дирижёр ва бастакорлар, шу жумладан италиялик мусиқа устаси Гиакомо Пуччини айнан шу театрда фаолият олиб борган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

193

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг