“Формула-1”. Россия Гран-приси бекор қилинди
Спорт
−
03 Март 2022
2553Россия Украинага ҳужуми сабабли дунёнинг аксарият давлатлари томонидан жорий қилинган иқтисодий санкцияларга дуч келяпти. Шу билан биргаликда, жаҳоннинг етакчи спорт ташкилотлари Россия Федерациясида ўтказилиши керак бўлган мусобақаларни бирин-кетин бекор қилмоқда. Бу сафар “Формула-1” бўйича Жаҳон чемпионати раҳбарияти Россияда ўтказилиши керак бўлган Гран-при турнири учун шартномани бекор қилди. Бу ҳақда ташкилотнинг баёнотига таяниб, “Reuters” агентлиги хабар берди.
“Формула-1”нинг Россия Гран-приси 2014 йилдан бери ўтказиб келинмоқда. Пойгалар Сочидаги Олимпия боғида ўтказилади. Мусобақа 2022 йилда 23-25 сентябрь кунлари бўлиб ўтиши керак эди, аммо жорий йилда ушбу Гран-при турнири ўтказилмайдиган бўлди. 2023 йилдан бошлаб Россия Гран-присини Санкт-Петербургдаги “Игора Дрaйв” трассасида ўтказиш режалаштирилган эди.
Маълумот ўрнида, Россия Гран-приси учун шартнома 2025 йилгача мўлжалланган.
Россия спортига киритилган чекловлар
Рус қўшинлари Украинага киргач, Халқаро дзюдо федерацияси (ХДФ) Россия Президенти Владимир Путинни ташкилот фахрий президенти ва элчиси мақомидан маҳрум қилди.
Польша, Чехия ва Швеция футбол терма жамоаси Жаҳон чемпионатига саралаш доирасида Россия билан ўйинга боришдан бош тортди.
Европа футбол уюшмалари иттифоқи (UEFA) 2022 йилги Европа Чемпионлар лигаси финали Санкт-Петербург шаҳридан Парижга кўчирилганини маълум қилди.
FIFA ҳамда UEFA Россия терма жамоалари ва клубларини барча футбол мусобақаларидан чиқариб ташлади.
Халқаро баскетбол федерацияси россиялик баскетболчилар ва расмий шахсларни ташкилот шафелигидаги барча мусобақаларда иштирок этишдан четлаштирди.
Дунёдаги энг йирик спорт кийимлари компанияси “Аdidas” Россия футбол жамоалари билан ҳамкорликни тўхтатганини маълум қилди. Шунингдек, Германиянинг "Шальке 04" клуби ва UEFA'нинг ўзи ҳам Россиянинг "Газпром" трансмиллий компанияси билан ҳамкорликни тўхтатди.
Халқаро Паралимпия қўмитаси (IPC) россиялик ва беларуслик атлетларни Пекин-2022 Паралимпия ўйинларидан четлатди.
Маъруф Абдумаликов
LiveБарчаси