“Фориш” тоғ полигонида ҳарбийларнинг жанговар шайлиги синовдан ўтказилди

Жамият 3352
image

“Фориш” тоғ полигонида ҳарбий қисм шахсий таркибининг амалий назорат синовлари ўтказилмоқда. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ Матбуот хизмати QALAMPIR.UZ’га хабар берди.

Маълум қилинишича, марказий ҳарбий округ Жиззах горнизонидаги ҳарбий қисм шахсий таркибининг жанговар шайлиги бўйича ўтказилаётган назорат синовларининг назарий машғулотлари бўлиб ўтган. Шундан сўнг, “Фориш” тоғ полигонида машғулотларнинг амалий қисми бошланди.

“Машғулотлар давомида ҳарбий қисм шахсий таркиби ўзларининг жанговар қобилиятини намоён этиш билан бирга билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга эришмоқда. Ўтказилаётган синов машғулортлари Мудофаа вазирлиги ҳамда округ қўмондонлигининг маъсул офицерлари томонидан кузатиб борилмоқда”, дейилади хабарда.

Амалий машғулотлар давомида ҳарбий хизматчилар ўзларига бириктирилган қуроллардан кундузги ва тунги ўқ отиш синовларидан ўтган. Шунингдек, ҳарбий техникалар ҳайдовчиларининг маҳоратлари ҳам кундузги ва тунги машғулотларда синовдан ўтказилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Мудофаа вазири, генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов қирувчи самолётда ҳаво кучларининг ҳарбий тайёргарлигини текширганди.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 116
Рейтинг: 2.9
t
×