“Forbes”: Ўзбекистон “география — бу тақдир” қоидасидан воз кечишга уринмоқда

Жамият

image

Марказий Осиё қарийб 200 йил ичида биринчи марта дунё ҳамжамиятининг эътиборини ўзига тортди. “Forbes” нашрига кўра, Ғарб давлатлари Россия ва Хитойга қарши тура олиш учун минтақа марказида жойлашган Ўзбекистонга ёрдам бериши керак.

Нашрга кўра, Афғонистондаги беқарор вазият келажакка таҳдид солиши мумкин. Мана шундай вазиятда Ўзбекистон Афғонистонга нисбатан алоҳида таъсирга эгалиги сабабли, Ғарб давлатлари республикага ёрдам бериш истагини билдиряпти.

“Ипак йўли давлатларида ташқи кучларга чалғимасдан “ўз тақдирларининг ижодкори” бўлиш учун реал имконият мавжуд. Шу билан бирга бу имкон у қадар улкан ҳам эмас ва барча минтақавий ва глобал кучлар бирлашмаса, бу йўққа чиқиши мумкин”, дейилади нашр мақоласида.

Таъкидланишича, Ўзбекистон Афғонистонга таъсиридан ташқари, Ғарбга арзон хомашё: нефть ва газдан тортиб, олтин ва урангача етказиб бера олади. 

“Forbes” шунингдек, Хитой Марказий Осиё минтақасидаги барча мамлакатларнинг асосий савдо шеригига айланишга тайёр эканини таъкидлаган. Яқинда мамлакатнинг Эрон билан 400 миллиард долларлик йирик шартномаси Пекинга барқарор, арзон нефть ва Эронга Ғарб санкцияларидан иккинчи даражали чиқиш имкониятини берди.

Шунингдек, Қозоғистон бир муддат яхши имижга эга бўлгани, аммо кейинроқ бошқарувнинг сулолавий моделига содиқ қолиб, унинг муаммолари билан ўралашиб қолганига эътибор қаратилган. Қирғизистон эса бир инқироздан чиқиб бошқасига қоқилаётгани айтиб ўтилган. Тожикистон Россия ва Хитой ҳомийлигида қолиб кетаётгани таъкидланган.

“Айни пайтда Хитой компаниялари Қозоғистонда нефть қазиб олишнинг тўртдан бир қисмига ва Туркманистон газ экспортининг ярмидан кўпроғига эгалик қилмоқда. Шунингдек, у Тожикистон ва Қирғизистон учун ҳукумат қарзларининг мос равишда 49 ҳамда 36 фоизига эга бўлган ягона йирик кредитор ҳисобланади. Ушбу нотинч манзарада келажакка умиднинг ягона нурлари Ўзбекистондан келмоқда”, дея урғулаган муаллиф.

Ўзбекистон давлат муассасалари томонидан жамоатчиликнинг консерватив қатламига тегмаган ҳолда аҳоли ҳаётини онгли равишда либераллаштириш, муҳимлиги қайд этилган. Тез ғарблашиш Россия, Хитой, Эрон ёки “Толибон” бўлсин, қудратли давлатларни ғазаблантириши мумкин.

“Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти бўлгандан сўнг “оғиз очилиб қоладиган” даражадаги ўзгаришлар қилди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қўшни давлатларга ташриф буюриб, тўсиқларни таъмирлаб, ўзининг бир ёки икки йилини жуда одилона сарфлади. Қўшни давлатлар билан чегараларни очди. У ўзига хос савдо блокини тузиш учун Ипак йўли мамлакатларини бирлаштиришга киришди. У бир давлатдан кўра, блокни беқарорлаштириш мураккаб деб ҳисоблаётган бўлса керак. Шу билан бирга, Президент глобал фондлар мамлакат асосларининг мустаҳкамлиги ва хавфсизлигини таъминлашдан манфаатдор бўлиши учун ҳар қандай давлатдан, жумладан Европа ва АҚШдан Ўзбекистонга сармояларни жалб қилди. Шу тариқа, дунёга йўл фақат Москва, Пекин ёки бир гуруҳ олигархлар, сулолалар ҳамда имомлардан фойдаланиши мумкин бўлган бошқа ҳар қандай давлатдан ўтмайди”, дейилади “Forbes” мақоласида.

Муаллифнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон “география — бу тақдир” деган қоидадан воз кечишга уринаётган мамлакатга мисол бўла олади. У гегемонликнинг улкан кучлари соясида бўлиб, эркинлик ва мустақилликка интилмоқда.

“Ғарб ушбу мамлакатнинг муваффақиятини таъминлашга мажбур, ҳеч бўлмаганда “совуқ уруш” тугаганидан кейин бир неча бор шу каби иттифоқчиларга Москва босим ўтказганида қўллаб-қувватлашдан бош тортганимиз учун ҳам. Бу каби ҳар бир муваффақиятсизлик янги қўрқитишларга олиб келиши муқаррар. Аввалига Россия Грузияни қўрқитди. Бизнинг бунга пассив жавобимиз Россия Украинани қўрқитишни бошлашига олиб келди. Афсуски, ўтмишдаги айнан шу муваффақиятсизликлар бизни иккиланишга, жасоратимизни тортиб олиб, олдинга қарашга мажбур қилади. Украина ва Тайван муаммоларига оддий ечим топишни истасак, Ўзбекистонни эътиборсиз қолдиришимиз керак эмас”, дейди муаллиф.


Мақола муаллифи

Теглар

Forbes

Баҳолаганлар

1787

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг