Фавқулодда вазиятга учраган фуқароларга ҳужжатларни тиклашда имтиёз берилади
Жамият
−
02 Июль 2020
4389Ўзбекистонда аҳолини табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофазақилиш чора-тадбирлари тасдиқланиши кутиляпти. Ўзбекистон Президентининг тегишли қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва Молия вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатлар ҳудудида табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, шу жумладан маиший тусдаги офатлар (уй ёки транспорт воситасининг ёнғини, уй қулаши) юз берганлиги оқибатида жабрланган жисмоний шахсларнинг йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган муайян фактни тасдиқловчи ҳужжатларини тиклаш учун тегишли давлат органига мурожаат қилинганда, уларни тўловлардан озод қилиш ҳақидаги таклифига розилик берилади.
Шунингдек, 2021 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахслар муайян фактни тасдиқловчи ҳужжатларни тиклашда давлат божи, йиғим (герб, консуллик йиғими ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғим)лардан озод қилинади.
Муайян фактни тасдиқловчи ҳужжатларни тиклашда тўловлардан озод қилинадиган жисмоний шахсларнинг ҳужжатлари рўйхати тасдиқланади.
Табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, шу жумладан маиший тусдаги офатлар юз берганлиги ҳолатларини тасдиқлашнинг қуйидаги тартиби белгиланади:
• Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан бериладиган маълумотнома асосида;
• хорижий давлатлар ҳудудида хорижий давлат ваколатли идоралари томонидан берилган ва легаллаштирилган ёки апостиль қўйилган ёхуд Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ расмийлаштирилган маълумотнома асосида амалга оширилади.
Кўрсатилган маълумотномалар мавжуд бўлмаган тақдирда, муайян фактни тасдиқловчи ҳужжатларни тиклаш Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасаларидан олинадиган маълумотнома асосида амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, шу жумладан маиший тусдаги офатлар (уй ёки транспорт воситасининг ёнғини, уй қулаши) юз берганлиги оқибатида муайян фактни тасдиқловчи ҳужжатларни тиклаганлик учун ундирилмаган тўловлар кейинчалик бунга айбдор бўлган шахслар (ташкилотлар)дан фуқаролик қонунчилиги асосида регресс тартибида ундирилиши белгиланади.
Муайян фактни тасдиқловчи ҳужжатларни тиклашда тўловлардан озод қилинадиган жисмоний шахсларнинг ҳужжатлари рўйхати:
• Ўзбекистон Республикаси фуқароси, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахс ва хорижий фуқаро идентификация ID-картаси.
• Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспорти.
• Ўзбекистон Республикасига қайтиш учун гувоҳнома.
• Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахснинг хорижга чиқиш учун биометрик ҳаракатланиш ҳужжати.
• Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча бўлиб турган чет эл фуқаросига ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга паспортнинг ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжатнинг йўқолганлиги ҳақидаги маълумотнома.
• Чақирув участкасида қайд этилганлик ҳақидаги гувоҳнома.
• Ҳарбий гувоҳнома ва захирадаги офицернинг гувоҳномаси.
• Транспорт воситасини давлат рўйхатидан ўтказилганлик гувоҳномаси.
• Ҳайдовчилик гувоҳномаси.
• Туғилганлик ҳақида гувоҳнома.
• Никоҳ тузилганлиги ҳақида гувоҳнома.
• Никоҳдан ажралганлик ҳақида гувоҳнома.
• Ўлим ҳақида гувоҳнома.
• Аккредитация қилинган таълим муассасаларининг битирувчиларига давлат томонидан тасдиқланган намунадаги маълумот тўғрисидаги ҳужжат (шаҳодатнома, диплом, сертификат, гувоҳнома).
• Нотариал тасдиқланган ҳужжатларнинг дубликатларини ҳамда реестрлардан кўчирмалар.
• Кўчмас мулк объектларининг кадастр паспорти, шунингдек, кадастр ҳужжатларининг кўчирма нусхаси ҳамда дубликати.
• Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасалари томонидан расмийлаштириладиган маълумотномалар.
• Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасалари томонидан талаб қилиб олинадиган ушбу рўйхатнинг 6–16-бандларида назарда тутилган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаси, дубликати ҳамда уларнинг мавжудлиги ҳақида маълумотномалар.
LiveБарчаси