Фарзандини мактабга юбормаган она жаримага тортилди
Жамият
−
07 Январь
3200Андижон вилоятида она ўз фарзандини мактабга юбормасдан уй юмушларини қилдириб келганлиги учун жаримага тортилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси Андижон вилоят бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, Андижон вилоятининг Балиқчи туманида она ўз фарзандини мактабга юбормасдан уй юмушларини қилдириб келгани аниқланган. Она ҳудуд профилактика инспектори томонидан жаримага тортилган. Бироқ она маъмурий жаримани ўз вақтида тўламаган. Мажбурий ижро бюро ходимлари томонидан берилган огоҳлантиришдан кейин аёл фарзандини мактабга юбормаганлиги учун қўлланилган 375 000 сўм жаримани тўлаган.
Маълумот учун, қонунчиликка кўра, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик 375 минг сўмдан 1 млн 875 минг сўмгача жарима қўлланишига сабаб бўлади. Шунингдек, болаларнинг мажбурий умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишига ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тўсқинлик қилиниши БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (3 млн 375 минг сўмдан 5 млн 625 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Деновда ўқувчи болалар совуқда юпун ҳолдa тадбирга жалб қилинганлиги ҳақида хабар берилганди. Болаларнинг соғлиги хавф остига қўйилгани юзасидан ҳудуднинг тегишли мансабдор шахсларига нисбатан интизомий жазо қўлланиши билдирилди.
Моҳимбегим Маъруфалиева
LiveБарчаси