Фарғонадаги “заправка”да юз берган портлаш айбдорига суд ҳукми ўқилди
3-саҳифа
−
30 Июнь 16848 2 дақиқа
Фарғона вилоятининг Фарғона шаҳрида жойлашган автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасида даҳшатли портлаш содир бўлгани юзасидан айбдорларга суд ҳукми ўқилди. QALAMPIR.UZ ушбу суд ҳужжати билан танишди.
Қайд этилишича, кучли портлаш “ХК ФАРҒОНА ЛАЙЛИ НАҲОР” хусусий корхонасида содир бўлган. Унга Мансур Маткаримов иcмли шахс раҳбарлик қилган. У шохобча ҳудудига ҳеч қандай ҳужжатсиз машиналарга пропан газини тўлдириш ускуналарини ва 1 дона 5 тонналик ва 2 дона 2,5 тонналик газ сақловчи контейнерларни ўрнатган.
Қолаверса, уларни ўрнатиш ишларини ҳам ноқонуний равишда ўз танишлари орқали амалга оширган. 2024 йилнинг декабр ойида эса Маткаримов пропан газини сотиш ҳуқуқини берувчи лицензиясиз бошқа бир МЧЖдан оғзаки келишув асосида газ маҳсулотларини олиб, машиналарга сотиб келган. 2024 йилнинг 16 декабрь куни айнан ўша МЧЖдан 158 млн сўмлик 19,8 тонна пропан газини сотиб олган. Ушбу газ 2024 йилнинг 17 декабрь куни соат 12:45 да шохобча ҳудудига олиб келинган. Уни қуйиш жараёнида 5 тонна ҳажмли контейнер ёрилган ҳамда газ ташқарига сизиб чиқиб, портлаш содир бўлган.
Оқибатда 1 нафар фуқаро воқеа жойида ҳалок бўлган, шу ҳудудда бўлган бир неча фуқаролар турли даражада тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан улардан 3 нафари шифохонада вафот этган. Умумий олганда, 4 фуқаро ушбу портлаш оқибатида ҳалок бўлган.
Ушбу иш Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судида кўриб чиқилган. Суд ҳукмига кўра, Мансур Маткаримов Жиноят кодексининг 190-моддаси (фаолият билан лицензиясиз ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатсиз ёхуд хабарнома юбормасдан шуғулланиш) 5-қисми, 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми “б” банди, 257-моддаси (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) 2-қисми “а”,“б” бандлари ва 259-моддаси (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми “а”,“б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир қилишда айбли деб топилган ҳамда унга 3 йил тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Қолаверса, Мансур Маткаримовдан 4 нафар қурбоннинг қонуний вакилларига 310 млн сўмдан жами 1 млрд 240 млн сўм маънавий зарар, 12 нафар фуқаровий даъвогарларга эса жами 2 млрд 358 млн сўм моддий зарар ундириш белгиланган.