Фарғонадаги мактабларнинг бирида аёллар ўқитувчиларни калтаклади (видео)
3-саҳифа
−
26 Декабрь 2022
14917Интернет ижтимоий тармоқларида ўқувчининг онаси мактабга келиб ўқитувчини калтаклагани акс этган видео тарқалди.
Унда аёллардан бири ўқитувчи жиянини синф хонасидан чиқариб юборганини айтган ва уни уятли сўзлар билан аёвсиз ҳақорат қилган.
Ўқитувчилардан бири мактабда ҳақоратли сўзларни айтиш мумкин эмаслигини қайта-қайта айтишига қарамай аёллар, синфхонадан чиқмаган ҳолда ҳақорат қилишда давом этган.
Видеодан кўринишича, ўқувчи қиз она ва ўқитувчи ўртасидаги тортишувни томоша қилиб турган ва уларни ажратишга ҳаракат қилмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси расмий муносабат бериб чиқди.
Маълум бўлишича, воқеа жорий йилнинг 19 декабрь куни содир бўлган.
“Фарғона вилояти, Марғилон шаҳридаги 15-мактабнинг 7-синф ўқувчиси М.О. дарс пайтида ташқарига чиқиб келиш учун ўқитувчиси Р.Т.дан рухсат сўраган. Лекин ўқитувчи жавоб бермаган бўлсада, рухсатсиз ташқарига чиқиб кетаётган вақтида, ўқитувчи Р.Т.нинг “қуш уясида кўрганини қилади” деган гапини эшитиб, яқинлари Р.У. ҳамда У.Р.ларни чақириб келган. Натижада мактаб ўқитувчилари билан синф хонасида ўзаро жанжал келиб чиққан”, дейилади хабарда.
Шунингдек, ИИБ жанжал давомида ўқитувчилар Р.Т. ва М.У.лар тан жароҳати олиб, шифохонага мурожаат қилишганини қўшимча қилган.
“Мазкур ҳолат Марғилон шаҳар ИИБ томонидан тегишли тартибда рўйхатга олиниб, ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дея таъкидланади Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати эълон қилган расмий муносабатда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда ўқувчининг онаси мактаб “замдиректор”ини калтаклагани ҳақида хабар қилган эдик.
LiveБарчаси