Фарғонадаги фожиали ёнғин бўйича жиноят иши қўзғатилди

3-саҳифа

image

Бугун, 29 июль куни Фарғонадаги 4 қаватли бинонинг ер тўласида жойлашган караоке кафесида содир бўлган ёнғин оқибатида 6 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди. Ҳозирда ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов хабар берди.

Маълум қилинишича, тузилган ҳукумат комиссияси бир ҳафта давомида вафот этганларнинг оила аъзоларига ҳамда жабрланганларга тиббий, моддий, психологик жиҳатдан ёрдам кўрсатади.

Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигидаги комиссия:

• ёнғин содир бўлган бинонинг ертўласида ишлатилаётган техника қурилмалари белгиланган талабларга мувофиқлигини;
• бахтсиз ҳодиса юз беришининг техник ва ташкилий сабабларини;
• электр ускуналари ва жиҳозларининг монтаж ишлари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилган ҳолда сифатли бажарилганини;
• жабрланувчиларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)ни, улар томонидан қурилмалардан хавфсиз фойдаланиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига амал қилинганини;
• бахтсиз ҳодиса сабабларини тавсифловчи ашёвий далилларни;
• бахтсиз ҳодиса содир бўлган жойнинг ҳолати бўйича барча ўзгаришларни;
• электр ускуна ва жиҳозларининг тури, русуми, уларнинг жойлашув ўрни ва техник ҳолатини;
• дудбурон ва шамоллатиш каналларининг лойиҳа ҳужжатларига ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқлигини;
• объектда бахтсиз ҳодиса келиб чиқишига олиб келиши мумкин бўлган омилларни ҳар томонлама ўрганиб чиқади.

Текшириш якунлари ва жабрланганларга кўрсатилган ёрдамлар юзасидан ҳисобот Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

Шунингдек, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда бахтсиз ҳодиса сабабларининг чуқур таҳлили ҳамда Комиссиянинг таклифлари асосида келгусида шу каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланади ва унинг бажарилиши таъминланади.


Мақола муаллифи

Теглар

ёнғин Фарғона

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг