Фарғонада ярим-яланғоч ўйинга тушган шахс ва унинг шериклари қамалди
3-саҳифа
−
17 Октябрь 2022
15997Фарғонада, кўчада ярим-яланғоч ўйинга тушиб, видео тасвирларни TikTok тармоғида жойлаштирган шахс ва унинг шериклари жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда вилоят Фарғона вилояти ИИБ Матбуот хизмати хабар берди.
Жорий йилнинг 13 октябрь куни TikTok платформасига жойланган видеода уч нафар шахс қўшиқ айтиб, рақсга тушгани, улардан бири эса кийимларини ечиб жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузиб томоша кўрсатгани тасвирланган. Ички ишлар ходимлари томонидан олиб борилган ўрганишлар давомида видеодаги шахсларнинг шахсига аниқлик киритилган.
Ҳуқуқбузар шахс ўз кўрсатмасида ярим-яланғоч ҳолатда тасвирга тушишган вақтида маст ҳолатда бўлганини айтган бўлса, видеони тармоққа юклаган ва ана шу вақтда уларнинг ёнида бўлиб, уларни тўхтатмаган фуқаролар ўз қилмишларидан афсусда эканлигини айтиб, кечирим сўраган.
Хабарда қайт этилишича, видеони эълон қилган TikTok фойдаланувчиси бундан аввал ҳам маъмурий жавобгарликка тортилган.
Мазкур ҳолат юзасидан маъмурий тартибда тўпланган ҳужжатлар Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судида кўриб чиқилиб, судланувчилар майда безорилик содир этганликда айбдор деб топилди ва ҳуқуқбузарларнинг ҳар бирига 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
LiveБарчаси