Фарғонада сохта ИИБ ходими 6 йил 2 ойга қамалди
Жамият
−
25 Май 2019
4469Фарғонада ўзини ИИБ ходими сифатида таништириб, кўплаб одамларни чув туширган фирибгар қўлга олинди. Бу ҳақда ЎзА нашри хабар тарқатди.
Марғилонлик Б.А. фирибгарликни ўзига касб қилиб олган. У бир неча бор судланган бўлса-да, асло хулоса чиқармади. Одамларни алдаб, чув тушириб, осонгина пул топиш йўлларни излай бошлади. Ички ишлар органи ходимининг махсус уст-бошини эгнига илиб, янги жиноятларни амалга ошириш учун йўлга чиқди.
Б.А. 2018 йил 17 август куни Фарғона туманидаги Аввал қишлоғида жойлашган “Техномарк” кредит-савдо дўконига ИИБ ходимининг дала ёзги кийимида бориб, у ерда ишловчи Х.Ҳасановга ўзини ИИБ ходими деб таништирди. Кредит-савдо дўконидан бир дона нархи 4 миллион 800 минг сўмлик “LG” русумли кир ювиш машинаси ва бир дона нархи 1 миллион 850 минг сўмлик “Sаmsung J-5” русумли телефон аппаратини сотиб олишини айтиб, келишилган пулларни Фарғона шаҳридаги яшаш хонадонидан олиб беришини билдириб, алдаб, мулкларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
У хавфли рецидивист бўлгани ҳолда ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, Олтиариқ тумани “Қизилтепа” маҳалласида яшовчи С.Абдумаликов билан учрашиб, унга ўзини ИИБ ходими деб таништириб, алдаб, ундан бир бош қўйни 1 миллион 800 минг сўмга сотиб олишга келишган. Гаров тариқасида автомашина техник паспортини бериб, бир бош қўйни фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, уни сотиб, пулларни ўз эҳтиёжига ишлатиб юборган.
Шунингдек, Б.А. бир неча эпизодларда ҳам одамларни ўз тузоғига илинтириб, фирибгарлик жиноятини содир этган. Ҳатто Б. Маҳмудовга тегишли автомашинани 2500 АҚШ доллари эвазига сотиб, фирибгарлик йўли билан қўлга киритган пулларни ўз эҳтиёжига ишлатиб юборган.
Ҳар қандай жиноят жавобсиз қолмаганидек, юқоридаги жиноий ҳолатлар бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилди ва Б.А. эҳтиёт чора сифатида қамоққа олинди.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди томонидан мазкур жиноят иши кўриб чиқилди ҳамда Б.А. узил кесил 6 йилу 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, жабрланувчиларга етказилган моддий зарар ундирилиши белгиланди.
LiveБарчаси