Фарғонада сохта ДХХ ходими қўлга олинди
Жамият
−
22 Сентябрь 2020
9304Фарғонада одамларни чув тушириб юрган сохта ДХХ ходими қўлга олинди. У бор-йўғи 25 ёшда бўлган. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Фарғона вилояти Олтиариқ туманида яшовчи Ҳамдамжон Юнусжонов мавсумий ишлар билан шуғулиб юрган. Йигит тадбиркор Д.Содиқова билан танишиб қолади ҳамда унинг хусусий боғча очиш ниятида юрганидан хабар топади. Унга дастлаб Департаментнинг Фарғона вилоят бошқармаси ходими эканлигини айтиб, имтиёзли кредит олишида ёрдам беришини айтади. Ҳатто тадбиркор билан бу масалада Тошкент шаҳрига бориб, бир қатор юқори идораларга кирган.
Кейинчалик у ДХХнинг Олтиариқ туман бўлими тезкор ходими деган сохта гувоҳнома ясаб, тадбиркор танишига шу идорада ишлашини маълум қилади. Қалбаки гувоҳномага Д.Содиқованинг якка тадбиркорлик муҳрини унга билдирмасдан босиб олади. Албатта, бу бежизга эмас эди. Ишхонада ҳайфсан олгани ва ойлик иш ҳақи кам чиққанини Д.Содиқовага айтиб алдаб, ундан 600 минг сўм олган ва шахсий эҳтиёжи учун ишлатиб юборган.
Фирибгарнинг тузоғига яна бир ўлжа илинади. Ш.Султонова билан жорий йилнинг январь ойида Фарғона шаҳрида учрашиб қолиб, ўзини “Темур” деб таништирган. У синглисининг туғилган кунига тилло тақинчоқ олиб бериши учун 100 доллар бериб туришлигини сўраб, ундан ёнида бўлган 875 минг сўм пулни олган. Шунингдек, Ш.Султоновадан онасининг бетоблигини айтиб 500 минг сўм, нархи 2 миллион 400 минг сўм бўлган уяли телефонини ҳам олиб, телефонни сотиб юборган.
Фирибгарликни танлаган 25 яшар йигитнинг найранглари узоққа бормади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан унинг жинояти фош этилиб, қалбаки хизмат гувоҳномаси ашёвий далил сифатида олинди.
Мазкур иш жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман судида кўриб чиқилиб, Ҳ. Юнусжоновга нисбатан тегишли жазо тайинланди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15