Фарғонада “сарой журналисти” бўлсангиз, ошиғингиз олчими? Ҳокимлик вакили нега журналистнинг қўлини қайирди?
Жамият
−
22 Апрель 2020
11434Куни кеча Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида яшовчи, “Маърифат” газетаси мухбири Шарифа Мадраҳимованинг Учкўприк туман ҳокимлиги ва ИИБ ходимлари томонидан босим ўтказилгани ҳақидаги пости эътиборимизни тортди.
Фарғоналик журналистнинг ёзишича, Учкўприк тумани ахборот хизмати ижтимоий тармоқларда туман марказидаги бозорда ташкил этилган ярмаркалар ҳақида пост қолдирган. Мухбир ушбу масала ортидан ҳолатни ўрганиш учун ярмарка жойига борган. Ҳокимлик томонидан берилган хабарни текшириш мақсадида журналист қизиқ ва ўз навбатида ачинарли ҳолатга дуч келади.
Журналистга “кутилмаган” муомала
“Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29-моддасида қайд этилган “Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир”, дейилган ҳуқуқимдан фойдаланиб, видеосёмка қилаётган пайтимда бир йигит (кейин билишимча, ҳокимнинг котиби Шоҳижаҳон Мўйдинов) нимага съёмка қиляпсиз, деб телефонимга ёпишди ва қўлимни қайириб телефонимни олиб қўймоқчи бўлди. Аммо мен ўз мулкимни бермаганим учун яна бир йигитни чақирди. У туман ички ишлар бўлими ходими экан. Иккаласи мени шахсимга аниқлик киритиш учун ички ишлар бўлимига олиб келди. Хуллас, бўлимда мени икки соатдан ортиқ ушлаб ўтиришди. Ташқарига чиқиб ярмаркани видеосъёмка қилмоқчи эдим, уни тарқатворишибди”, дейди мухбир.
Шарифа Мадраҳимова маълум вақт ИИБда бўлганидан сўнг, уни чиқариб юбориш буйруғи туман ҳокимидан кутилганини айтмоқда. Ҳокимни эса Президент видеоселекторида деган важ билан мухбир аёлни ушлаб туришган.
“Жабрланувчи мухбир” билан суҳбат
QALAMPIR.UZ бўлиб ўтган воқеалар ҳақида ижтимоий тармоқлар ва интернет нашрлардан билганидан сўнг, учкўприклик журналист билан суҳбатлашишга қарор қилди. Телефон орқали суҳбатимизда Мадраҳимова воқеалар ривожининг кейинги тафсилотлари ҳақида маълум қилди.
“Ҳамма ўзининг ҳақиқатини илгари суряпти. ИИБ ўзининг ҳақиқати, ҳокимлик ўзининг ҳақиқатини айтяпти. Ҳоким ёрдамчиси қўлимдан қайиргани, қаттиқ теккани сабабли ИИБ экспертизадан ўтишимни айтмоқда. Ўша ҳоким ёрдамчиси “шубҳали аёл съёмка қилди, фейсбукда расмимни чиқарибди” деб мени устимдан ёзиб берибди. ИИБ ўрганиб чиқиб ҳеч қандай эътирози йўқлигини айтмоқда. Ҳозир ИИБ мени экспертизага жўнатмоқда. Кеча бўлган ҳолат бугун кўринмаслигини айтдим.
Бугун туман ҳокими билан учрашиб тегишли чора кўришини айтдим. Ҳоким ёрдамчиси фақат менга бундай хатти-ҳаракатни қилмаган экан. Одамлардан бу ҳақида ҳам эшитдим. Ўша ҳоким ёрдамчиси мендан узр сўрагани келибди. Мен кечирмаслигимни айтдим. Ҳокимга тегишли чора кўр, десам негадир уни тарафини олмоқда”, дейди
Обидов журналистни тан олмаганми?
Журналистнинг айтишича, воқеа юз берган жойда ҳокимлик вакиллари Муҳаммаджон Обидов билан қўнғироқлашган.
“Ёнимда гаплашишганида Муҳаммаджон Обидов “бу аёл қачонлардир ишлаган вақтда гувоҳнома берганмиз, нима қилсанглар қилаверинг”, деб айтибди. Лекин мен Обидовнинг гапини аниқ эшитмадим.
Мен энди бошқа вилоятларни билмадим, лекин Фарғона вилояти ҳудудида журналистларга жуда қийин. “Яхши журналист бўлиб элнинг дардини ёзаман, муаммоларга ечим топаман” десангиз, давлат ишига ҳам олишмайди. Давлат идораларида сизни қабул ҳам қилишмайди. Агар мен “сарой журналисти” бўламан, ҳокимият нима деса шуни ёзавераман, десангиз ошиғингиз олчи бўлади”, дейди мухбир.
Айни вақтда давом этаётган экспертиза ишлари ўз якунига етиб, журналистга жисмоний тажовуз қилинган ёки қилинмагани бўйича хулоса ҳам чиқар... Лекин журналистга нафақат куч билан, балки ҳар қандай кўринишда қаршилик ўтказиш мумкин эмаслигини наҳот ҳокимият вакили билмайди?! Ахир, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 10-моддасида журналист касбига оид кафолатлар “кўрга ҳассадек” қилиб ёзиб қўйилган-ку:
“10-модда. Журналистнинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати қонун билан қўриқланади.
Давлат журналистга ахборотни эркин олиши ва тарқатишини кафолатлайди, ўз касбига доир фаолиятни амалга оширишида унинг ҳимоя қилинишини таъминлайди.
Журналистнинг журналистлик фаолиятига аралашиш, ундан ўз касбига доир вазифаларни бажариш чоғида олган бирор бир маълумотни талаб этиш тақиқланади”.
Ушбу масала юзасидан иккинчи тараф саналмиш ҳокимият вакилларига ҳам QALAMPIR.UZ минбари доим тайёр.
LiveБарчаси