Фарғонада келинини пичоқлаб ўлдирган қайнота 10 йилга қамалди
3-саҳифа
−
04 Март 2021
14485Фарғона вилоятининг Данғара туманида қайнота келинини пичоқлаб ўлдирди. Бунга оилавий келишмовчиликлар, келиннинг “қайнотам менга тегажоғлик қилди”, демоқчи бўлгани сабаб бўлган.
Маълум қилинишича, 3 нафар фарзанди бўлган келин сўнгги вақтларда кўп гап қайтарадиган, тез-тез аразлаб онасининг уйига кетиб қолаверадиган одат чиқарган.
Бир куни келин қайнонаси кўчага чиқиб кетган пайтда қайнотасига даволаниш учун уйига кетишини айтган. Қайнотаси қайнонангиз чиқса, рухсат сўраб бораверасиз деб айтган. Шундан сўнг келин ишда бўлган турмуш ўртоғига қўнғироқ қилиб, уйга чақирган.
Аммо эри боролмаслигини, дориларни ҳам уйига кетмасдан олаверишини айтган. Бироқ келини сўкиниб, бу хонадонда эркак йўқлигини, камчиликларни қилиб бермаётганини айтиб, қайнотасига қарата кўчага чиқиб, кийимларини ечиб, “қайнотам тегажоғлик қиляпти, номусимга тегди”, деб айтаман деб туҳмат қилган.
Шундан сўнг қайнота невараларини телевизор бор хонага киритиб юбориб, қассобчилик қилиб юрганида ишлатадиган пичоғини олиб, келинининг ортидан унинг хонасига кирган. “Қаерга кетасан, ким сенга жавоб берди? Нимага менга туҳмат қиласан?” деб қўлидаги пичоқни кўрсатган, сўнг уйдан чиқиб кетса, ўлдириб юборишини айтиб, келинига таҳдид қилган. Келин эса “Ўлдириш қўлингдан келмайди” дея қайнотасини ҳақорат қилган. Шундан сўнг қайнота қотилликка қўл урган.
Қотиллик жиноят ишлари бўйича Данғара туман суди томонидан кўриб чиқилган. Суд жараёнида судланувчи қайнота Р.С. ўзига нисбатан эълон қилинган айбловга тўлиқ иқрор ва пушаймон бўлиб, келини Д.С. ҳаётлик пайтида бирор марта тегажоғлик қилмагани, қилмишига пушаймонлиги, ўзига нисбатан қонуний енгиллик берилишини сўраган.
Келиннинг онаси куёвининг ҳурмати юзасидан қизининг қайнотасини кечиргани, унга нисбатан моддий ва маънавий даъвоси йўқлигини билдирган.
Суд ҳайъати судланувчи Р.С.га жазо тури ва унинг миқдорини тайинлашда жазони оғирлаштирувчи ҳолат мавжуд эмаслигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, муқаддам судланмаганлигини, айбига тўлиқ иқрор ва пушаймонлигини, жабрланувчининг оғир ҳақорати сабабли ушбу жиноятни содир этганини, жабрланувчининг қонуний вакилини унга нисбатан даъвоси йўқлигини, яшаш жойидан ижобий тавсифланганини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида ҳамда Р.С. томонидан содир этилган қотиллик усулини эътиборга олиб, ўзи айбланган модда санкциясида назарда тутилган энг кам жазони тайинлашни лозим топган.
Қайнотага нисбатан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь