Фарғонада эр хотинини пичоқлаб ўлдириб, ИИБга қотиллик ҳақида ўзи хабар берди

Жамият

image
0:00
0:00
download

Жорий йилнинг 16 май куни соат 23:30 ларда Риштон туман ИИБ навбатчилик қисмига фуқаро Ш.М. келиб, турмуш ўртоғи фуқаро С.М.ни қасддан ўлдирганини маълум қилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси QALAMPIR.UZ’га хабар бермоқда.
 
Аниқланишича, фуқаро Ш.М. Риштон тумани “Носгар” МФЙда яшаб келгани ҳолда турмуш ўртоғи С.М. билан 2019 йилнинг декабрь ойидан буён бирга яшамасдан, унинг “Достон” исмли таниши билан ишқий муносабатда бўлиб юргани юзасидан низолашиб келган.

У жорий йилнинг 16 май куни соат 23:00 ларда турмуш ўртоғи С.М. билан фарзанди — 2018 йилда туғилган Ҳ.З.ни даволатиш мақсадида туман тиббиёт бирлашмасига келиб, шифохонанинг кириш қисмидаги ҳожатхона томонга биргаликда ўтиб, рашк туфайли олдиндан ўйлаб қўйган қасд олиш режасини амалга оширган.

У ўзининг ўнг оёқ қисмига боғлаб олган ошхона пичоғини олиб, турмуш ўртоғининг бўйин қисмини икки маротаба пичоқ билан кесиб, орқа курак қисмига икки маротаба санчиб, тан жароҳати етказган. 
  
Судга оид тиббиёт экспертизасининг дастлабки маълумотномасига кўра, фуқаро С.М.нинг ўлимига бўйин аъзоларини чуқур санчилиб-кесилган жароҳатлари, бўйин қон-томирлари, мушаклари ва пайларининг бўйин умуртқасигача кесилиши, кўкрак қафасининг орқа юзаси юқори қисмидаги плевра бўшлиғига тешиб ўтувчи санчилиб-кесилган жароҳатлари оқибатидаги ўткир қон йўқотиш сабаб бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан жорий йилнинг 17 май санасида Риштон туман прокуратураси томонидан Ш.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ш.М. кеча, 18 май куни жиноят иши бўйича Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
   
Қайд этилишича, вилоят прокуратураси томонидан жиноят иши тергови устидан назорат ўрнатилган бўлиб, натижаси ҳақида қўшимча ахборот берилиши таъминланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Фарғона

Баҳолаганлар

579

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг