Фарғонада эр-хотин кредит тўлаш учун чақалоғини сотмоқчи бўлди

3-саҳифа

image

Фарғона вилоятининг Фарғона шаҳрида 9 ойлик чақалоғини моддий манфаат эвазига сотишга уринган эр-хотин 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.

Аниқланишича, судланувчилар 2024 йилнинг октябрь ойида танишиб, оила аъзоларининг хабарисиз шаръий никоҳ асосида яшай бошлаган. Биргаликдаги ҳаёти давомида улар ўртасида мунтазам келишмовчилик ва жанжаллар юзага келган. 2025 йил октябрь ойида эса уларнинг ўғил фарзанди дунёга келган. Бироқ фарзанд туғилиши ҳам оиладаги низоларни бартараф этмаган.

Маълум бўлишича, воқеадан аввал эр Фарғона шаҳрига аёли ҳамда чақалоғи билан бирга борган. Моддий қийинчиликларни рўкач қилган эр-хотин янги туғилган фарзандини сотишга келишган.

Судда аёл кредити борлигини айтиб, уларни тўлаш ва Туркияга бориш учун пул керак бўлгани сабабли ушбу таклифга рози бўлганини билдирган. Унинг айтишича, дастлаб у бунга қарши бўлган, бироқ кейинчалик розилик берган. Судда тўпланган барча далиллар билан уларнинг айби тўлиқ исботланган.

Шунга кўра, суд эр-хотинни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддасининг (одам савдоси) тегишли қисми ва бандига кўра айбдор деб топиб, ҳар бирига 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.

Шунингдек, вояга етмаган боланинг кейинги тақдири Қўқон шаҳар Ижтимоий ҳимоя агентлиги ҳамда Қўқон шаҳар ҳокимлигининг болаларни ҳимоя қилиш бўлими назоратига топширилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро вилоятининг Бухоро туманида уч кунлик чақалоғини сотмоқчи бўлган 18 ёшли аёл қўлга олинганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг