Фарғонада буйруқни бажаргани учун ишдан олинган директор лавозимига тикланди
Жамият
−
13 Январь 12592 2 дақиқа
Аввалроқ, Фарғона вилоятининг Бувайда туманидаги мактабда ўқитувчилар тун-у кун навбатчиликда туришга мажбур қилинаётгани, бунинг ортидан туман ҳудудидаги 37-умумтаълим мактаби директори вазифасини вақтинча бажарувчи бўлиб ишлаб келаётган Х.Н. вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг буйруғига асосан вазифасидан озод этилгани ҳақида хабар берилганди. Кейинроқ эса ўқитувчиларни тун-у кун навбатчиликка жалб қилиши топшириғини вазирликнинг ўзи бергани маълум бўлди. Вазирлик топшириғини бажаргани учун ишдан олинган мазкур директор лавозимига қайта тикланди. Бу ҳақда Давлат меҳнат инспекцияси хабар берди.
Қайд этилишича, Бувайда туманидаги 37-сонли умумтаълим мактаби директорининг ишдан четлатилиши билан боғлиқ ҳолат Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганиб чиқилган.
Ўрганиш жараёнида Фарғона вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан меҳнат қонунчилиги талаблари бузилган ҳолда мактаб директори лавозимидан озод этилгани аниқланган. Инспекция томонидан берилган ёзма кўрсатмага асосан, бошқарманинг 2026 йил 6 январдаги 1-k-сонли буйруғи бекор қилинган.
Ўзи нима бўлган эди?
Жорий йил бошида ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятининг Бувайда туманидаги мактабда ўқитувчилар тун-у кун навбатчиликда туришга мажбур қилинаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Кейинроқ ҳолат юзасидан вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабат билдирди ва 37-умумтаълим мактаби директори вазифасини вақтинча бажарувчи бўлиб ишлаб келаётган Х.Н. томонидан педагогик жамоага уларнинг лавозим мажбуриятига кирмайдиган вазифа юклангани – амалдаги тартибларга зид равишда навбатчилик қилишлари талаб этилгани аниқлангани маълум қилинди. Шунингдек, вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг 6 январдаги буйруғига асосан ушбу мактаби директори вазифасини вақтинча бажарувчи Х.Н. вазифасидан озод этилди.
Шундан сўнг ўқитувчиларни тун-у кун навбатчиликка жалб қилиши топшириғини вазирликнинг ўзи бергани маълум бўлди. Бу ҳақда таълим муассасаларига юборилган топшириқ хати ижтимоий тармоқларда тарқлади. Унда 2025 йил 25 декабрдан 2026 йил 5 январга қадар 24 соатлик узлуксиз навбатчиликни ва ҳудудий штаблар фаолиятини йўлга қўйиш сўралган.
Live
БарчасиСурияда КИП қўмондони ўлдириб кетилди
21 Январь