Фарғонада 4 қаватга мўлжалланган турар жой биноси 7 қават қилиб қурилди
Жамият
−
12 Февраль 2023
14492Ижтимоий тармоқларда Фарғона шаҳрининг Регистон кўчасида жойлашган турар жой биноси режага кўра 4 қават эмас, 7 қават қилиб қурилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги муносабат билдирди.
Буюртмачи Ҳ.Л. томонидан қурилаётган Регистон кўчасидаги бўш ер майдонидаги тўрт қаватли турар жой биноси, автотураргоҳ, болалар майдончаси қуриш ҳамда туташ ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш объекти инспекциядан 2018 йил рўйхатдан ўтган. Қурилиш ишлари бошланган, объектда инспекция томонидан доимий назорат ишлари олиб борилган.
Қайд этилишича, турар-жой биносининг лойиҳа ҳужжатларида тўрт қават қуриш белгиланган, амалда эса етти қават қилиб қурилган. Ушбу объектнинг 5, 6, 7-қаватларини қуриш учун пастки қаватларни юк кўтариш қобилиятини ўрганиш бўйича “Inspection Work” томонидан тайёрланган техник хулосага асосан юқори қаватларни енгил қурилиш материалларидан бажаришга тавсия этилган.
Лекин, буюртмачи Ҳ.Л. ва пудратчи “Ikat Vodiy” масъулияти чекланган жамияти томонидан ушбу хулосага асосан лойиҳа ҳужжатлари қайта тўлиқ ишлаб чиқилмаган. Шунингдек, белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилмаган ҳамда инспекцияга хабарнома юбориб, рўйхатдан ўтмасдан қурилиш ишлари амалга оширилган.
Ушбу ҳолат юзасидан Фарғона вилоят қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан объект қурилишини тўхтатиш тўғрисида 2022 йил 12 декабрда ёзма кўрсатма берилган. Аниқланган қонун бузилиш ҳолати юзасидан 2022 йил 26 декабрь куни Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодекснинг 99-моддаси 7-қисми билан баённома расмийлаштирилиб, маъмурий судга юборилган. Бугунги кунда объектда қурилиш-монтаж ишлари тўхтатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида дарз кетган уйни қурган пудратчи 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилингани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси