Фарғонада ҳокимлик вакилининг топшириғи билан 270 туп дарахт ноқонуний кўчирилди

3-саҳифа

image

Фарғона вилояти Қувасой шаҳар ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Н.М. нинг топшириғи билан 270 туп дарахт ноқонуний кўчирилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Экология вазирлигининг Экологик назорат инспекцияси томонидан Фарғона вилояти Қувасой шаҳар “Ҳувайдо” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтган “Бешолиш” сой бўйидан 270 туп кўп йиллик соғлом дарахтлар ноқонуний кўчирилиши ҳолати бўйича тегишли ўрганиш ишлари ўтказилган.

Ўрганиш натижаларига кўра, ушбу ер майдонида кўп йиллик қимматбаҳо дарахтлар мавжудлигига қарамасдан 2025 йил 22 январда Қувасой шаҳар ҳокими томонидан аукцион савдоларига чиқариладиган ер участкаларига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги қарор қабул қилинган.

Шунингдек, ушбу ер майдонида кўп қаватли тураржой бинолари, йирик универсал ва ихтисослаштирилган савдо дўконлари, супермаркетлар, ресторанлар қуриш лойиҳасини амалга ошириш ва аукцион савдоларига чиқариш мақсадида ер майдони 2 та лотга бўлинган ҳолда “Ерелектрон” автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилган.

Келишиш  жараёнида Қувасой шаҳар экология бўлими томонидан жорий йил 3 февралда “Ерелектрон” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали кўп йиллик дарахтлар мавжуд бўлгани сабабли ушбу ер майдонида лойиҳани амалга ошириш мумкин эмаслиги кўрсатилган ва рад жавоби берилган.

Шунга қарамасдан, Қувасой шаҳар ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Н.М. нинг топшириғига асосан 11-14 февраль кунлари шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан махсус техникалар ёрдамида 270 туп (сасна, каштан, катальпа, Япон  сафораси, тут, айлант) дарахт 16 та жойга ноқонуний равишда кўчириб ўтқазилган ва 9 туп дарахт кўчириш жараёнида нобуд қилинган.

Шунингдек, ҳокимлик мансабдор шахсларининг нотўғри қарорлари ва ноқонуний топшириқлари оқибатида кўчирилган дарахтлар келгусида нобуд бўлиши хавфи юқори бўлган ер майдонларига экилган.

Дарахтларни ноқонуний кўчириш оқибатида табиатга умумий 1 млрд 829 млн 437 минг сўм зарар етказилгани аниқланган. Тўпланган ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чора кўриш мақсадида Бош прокуратурага юборилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида соғлом чинор дарахтини ҳеч қандай асоссиз кесган ва ўсимлик дунёсига 117 миллион сўм зарар етказган фуқаролар қамоққа олинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Фарғона Қувасой

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг