Фарғона вилояти ИИБ Учкўприкдаги воқеага муносабат билдирди

Жамият 7313
image

Аввалроқ, сайтимизда Фарғонанинг Учкўприк туманида ИИБ ходимлари уруш фахрийси Ўринбой ота Шариповни кўргани борганда на масофа сақлагани, на ниқоб тақгани ҳақида хабар берган эдик. Фарғона вилояти ИИБ мазкур ҳолатга расмий муносабат билдирди

Ҳолатга ойдинлик киритилганда, Учкўприк тумани ИИБ раҳбарияти, туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари, маҳалла фаоллари, мудофаа ишлари бўлими вакиллари ҳамда ёшлар билан Ўринбой ота Шариповнинг ҳолидан хабар олгани республикада карантин тартиби жорий этилмасдан олдин яъни 2020 йил 11 март куни борилганлиги аниқланган.

“Ушбу ташриф ҳақидаги мақола Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг “Postda.uz” сайтида кеч жойлаштирилганлиги ва мақолада ташриф куни аниқ кўрсатилмаганлиги сабаблари масъуллар томонидан тегишли тартибда ўрганилмоқда.

Ҳозирги шароитда ички ишлар органлари ходимлари ҳам карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда, тиббиёт ниқоби ва махсус ҳимояловчи воситалар билан, масофани сақлаган ҳолда хизмат олиб бораётганликларини таъкидлаб ўтиш жоиз.

Республикамизда жорий этилган карантин қоидалари барча фуқароларга, шу жумладан ички ишлар органлари ходимлари учун ҳам мажбурий бўлиб, карантин қоидаларини бузган ҳар қандай шахс жавобгарликка тортилиши муқаррар”, дейилади баёнотда.

Маълумот учун, Postda.uz” сайтида эълон қилинган хабар кўп ўтмай ҳеч бир изоҳсиз ўчириб юборилган.

 

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 163
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×