Портлаган “заправка” бузилди
Таҳлил
−
23 Декабрь
1490Фарғонада портлашдан сўнг ...
Бир нечта фуқароларнинг бевақт ҳаётдан кўз юмишига, бировнинг ногирон бўлиб қолишига, бировнинг эса оғир тан жароҳати олишига сабабчи бўлган Фарғонадаги “заправка” бузилмоқда. Шохобча бошқа фаолият олиб бормайди.
Ушбу АЁҚШ ва АГТШ аҳоли ҳамда ҳудудларни муҳофаза қилиш ва келгусида содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларни олдини олиш мақсадида тадбиркорнинг ўз хоҳишига кўра бузилмоқда.
QALAMPIR.UZ манбасига кўра, портлаган жой “FARG‘ONA LAYLI N” хусусий компаниясига тегишли. Корхона 2006 йилда ташкил этилган ва асосчиси Азизхўжа Юсупхўжаевич Мавлонов саналади.
QALAMPIR.UZ олиб борган суриштирувлари давомида асли фарғоналик бўлган бу тадбиркор Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлоновнинг яқин қариндоши экани, яъни улар ака-укалиги аниқланди. Маълумот учун, Акмалхўжа Юсупович Мавлонов ҳам 1975 йилда Фарғона вилоятида таваллуд топган. Маълумоти олий, 2002 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Мутахассислиги ҳуқуқшунос-юрист.
“Заправка”-ку бузилар, уни қурдирганлар-чи? Бу “заправка” қонунчилик талабларига номувофиқ қурилганлиги аниқ. Аммо унинг қурилишига масъуллар ва бунга ўз ваколатидан фойдаланиб рухсат берган мансабдорларнинг ҳаракатларига жиноий-ҳуқуқий баҳо бериладими?
Дастлаб тақдим этилган расмий муносабатларда ёнғин оқибатида 1 фуқаро вафот этгани, 4 та киши жароҳат олиб, 8 нафар фуқаро тиббиёт ходимлари назоратида экани айтилганди. 18 декабрь куни маълумотлар янгиланиб, қурбонлар сони ортиб, 4 нафарга етгани маълум бўлди.
Бир қатор ижтимоий тармоқ фаоллари ва QALAMPIR.UZ га келиб тушган маълумотларда қурбонларнинг сони анча кўплиги ва улар сир сақланаётгани айтилган. Хўш, чиндан ҳам қурбонлар сони биз ўйлагандан кўпроқми?
Жабрланганларнинг аҳволи қандай, вафот этган фуқароларнинг оиласига ёрдам кўрсатилдими, портлаш содир бўлган “заправка” яқинидаги тураржой бинолари ва уларда яшаётган аҳолига нима бўлди, портлаш оқибатлари бартараф этилдими? QALAMPIR.UZ мазкур саволларга жавоб топиш мақсадида вилоят ҳокимлиги ва Ички ишлар бошқармаси билан боғланди. Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси билан боғланишнинг эса имкони бўлмади. Аниқроғи, қўнғироқларимиз жавобсиз қолди.
Ёдингиздан ҳали чиқиб улгурмаган бўлса керак, жорий йилнинг 17 декабрь куни соат 13:43 да Фарғона вилоятининг Фарғона шаҳрида жойлашган автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасида даҳшатли портлаш содир бўлганди. Вилоят ҳокимлиги томонидан QALAMPIR.UZ’га берилган маълумотларда портлаш шаҳарнинг “Янги йўл” маҳалласи Аҳмад Яссавий кўчаси 8-А уйда жойлашган кўп ёқилғили автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасининг ер остида жойлашган (бензин, пропан) 1 та 10 метр куб ҳажмли суюлтирилган газ сақлаш сиғимининг ёрилиши, суюлтирилган газнинг кенг майдонга тарқалиши ва газнинг чақнаши оқибатида ёнғин содир бўлгани айтилган.
Орадан 3 кун ўтиб, 20 декабрь куни Соғлиқни сақлаш бошқармаси жабрланганлар ҳолатини маълум қилди. Билдирилишича, портлаш содир бўлган куни соат туш пайти 14 лар атрофида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалига ўт чақнаши оқибатида жароҳат олган 13 нафар фуқаро олиб келинган. Улардан 1 нафари ўлик ҳолатда келтирилган ва у суд-тиббий экспертизага йўналтирилган.
Худди шу куни соат 15:00 ҳолатига кўра, 2 нафар беморга болалар реанимация бўлимида даво чоралари кўрилиб, уларга “Алангадан кейинги тананинг бош, юз, бўйин, иккала қўл, елка, билак, кафт, бармоқ, кўкрак, қорин, иккала курак, бел ва иккала оёқ сон, болдир соҳаларининг II-III АБ-даражали 90 фоиз термик куйиши, II-III-даражали юқори нафас йўлларининг термоингаляцион жароҳати, куйиш шоки ўта оғир даражаси, асистолия” ташхиси қўйилган. Уларнинг умумий аҳволи оғир бўлган. Кейинчалик кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан болалар вафот этган.
Шунингдек, нейрохирургик реанимация бўлимига 3 нафар бемор ётқизилган. Уларга алангадан II-III АБ даражали 70-90 фоиз куйиш даражаси ташхиси қўйилган. Бугунги кунда уларнинг умумий аҳволи ўта оғир. Мазкур бўлимдаги 1 нафар аёлга реанимация бўлимида даво чоралари кўрилиб, унга куйиш ташхиси қўйилган ва кўрилган реанимацион чора-тадбирларга қарамай соат 23:25 да бемор вафот этган ва унинг жасади суд-тиббий экспертизасига жўнатилган.
4 нафар бемор комбустиология бўлимида даволанмоқда. Уларга алангадан юз, бўйин, иккала қўл, билак-кафт бармоқ соҳаларининг II-III А ва 20 фоиз термик куйиш даражали ташхиси билан керакли даво муолажаларини олмоқда. Уларнинг умумий ҳолати стабил, ўртача оғирликда. Яна 3 нафарига куйишдан енгил жароҳат олгани ва аҳволи қониқарли бўлгани сабабли шифокорлар кўригидан сўнг уйларига жавоб берилган.
Ҳокимлик ҳам юқоридаги маълумотларни тасдиқлади ва жабрланганлар ҳақида очиқ маълумот берилганини айтди.
Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона вилоят ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) 2-қисми “а” банди ҳамда 259-моддаси (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, жиноят иши доирасида 5 нафар шахс процессуал тартибда қамоққа олингани, 2 нафар шахсни ушлаш чоралари кўрилаётгани маълум қилинди. QALAMPIR.UZ ҳибсдаги шахсларнинг лавозими билан қизиқди, аммо ИИБ бу сир эканини, тергов ишлари ҳали ўз якунига етмаганини, ҳолат юзасидан тегишли экспертизалар тайинланганини маълум қилди. Қизиқ: аслида одамлар ўлимига сабаб бўлган ҳодиса юзасидан ҳар иккала модданинг ҳам “одам ўлишига” сабаб бўлган, деган "а" банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ваҳоланки, ҳар икки модданинг ҳам 2-қисмида "бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлса", деган "б" банди бор.
Аслида, бизга қолса, ушбу "б" банди модданинг нисбатан оғирроқ санкция назарда тутилган 3-қисмидан жой олиши адолатдан бўлар эди.
Дастлаб тақдим этилган ахборотда ёниб кетган машиналар ҳақида маълумотлар тақдим этилмаганди. Буни қарангки, ёнғин содир бўлган куни ёнилғи қуйиш шохобчаси ҳудудида бўлган 6 та, ҳудуд ташқарисида 3 та, жами 9 та турли русумдаги автомобиллар ёниб кетган.
Шунча бўлган воқеадан кейин вилоят ҳокимлиги томонидан қандай ишлар олиб борилаётгани билан қизиқдик. Ҳақиқатдан ҳам бир қатор Telegram-каналларида тарқалган “Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Ҳайитбоевич вафот этганлар оиласидан хабар олиб, керакли ёрдамларни кўрсатди, уларга компенсация тўлаб берди” деган гаплар ростми? Бунга аниқлик киритиш мақсадида QALAMPIR’UZ ҳокимнинг матбуот котиби Масъуджон Сулаймонов билан боғланди. Унинг бизга маълум қилишича, ҳоким ҳалок бўлганларнинг хонадонига бориб, жанозада иштирок этган, улар билан суҳбатлашган, ҳамда марҳумларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирган. Қурбон бўлган тўрт кишининг оилаларига ёрдам пуллари берилган. Аммо ҳокимлик пул миқдори қанча эканлигини сир тутишни маъқул кўрди.
Гап бориб, портлаган “заправка” атрофидаги уйларга келганда, фуқаролар уйларидан эвакуация қилинмаган. Улар хонадонига зарар етишига қарамасдан уйларида яшашда давом этмоқда. Шундай бўлса-да, ҳокимлик вакили келтирилган зарар маълум муддатда ҳисоблаб чиқилиб, қоплаб берилишини айтди.
Бундан ташқари, Фарғона ҳокими воқеа содир бўлган куннинг эртасиёқ, 18 декабрда портлашнинг сабабини аниқлаш ҳамда бошқа шохобчаларда фавқулодда ҳодиса содир бўлишининг олдини олиш юзасидан техник жиҳатдан ўрганишни ташкил этиш тўғрисида фармойиш чиқарган. QALAMPIR.UZ фармойишини батафсил ўрганиб чиқди. Унга кўра, “Ўздавнефтгазинспексия” Фарғона ҳудудий бўлими, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси, “Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти филиали каби масъул ташкилотлар ходимларидан иборат ишчи гуруҳи тузилган.
Мазкур ишчи гуруҳи томонидан автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари (АГТКС), автомобилларга газ қуйиш станциялари (АГКС) ва автомобилларга ёнилғи қуйиш станциялари (АЁҚС)нинг саноат, ёнғин, экологик хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги, ёқилғи сақлаш резервуар (сиғим)ларнинг ҳолати ва бошқа қонунчиликдаги меъёрларни ўрганиш вазифаси топширилди.
Шунингдек, вилоят ҳудудида фаолият юритаётган барча автомобилларга ёқилғи қуйиш, сиқилган ва суюлтирилган газ тўлдириш шохобчаларида ишловчи ишчи-ходимларни вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси қошидаги ўқув марказида дастур асосида шартли равишда ўқитилиши таъминланади. Фармойишда ҳатто ўрганишлар натижалари бўйича салбий ҳолатларга йўл қўйган шохобчалар иш фаолиятини вақтинча тўхтатиш ва лицензияларини бекор қилишгача бўлган таъсир чоралари кўрилиши назарда тутилган. Барча ҳаракатлар жорий йилнинг 25 декабрь кунига қадар ўрганиб чиқилиши белгиланган.
Вилоятда фаолият кўрсатаётган барча турдаги “заправка”лар белгиланган норма ва меъёрларга мувофиқлиги ҳолати ўрганиб чиқилар экан. Нима учун бутун мамлакат бўйича эмас? Бунинг учун ҳар бир вилоятда камида биттадан портлаш юз бериши керакми?
Умид қиламизки, ҳокимлик фармойишида келтирилган юқоридаги гаплар қоғозда қолиб кетмайди. Вилоят ҳокимлигидан тортиб барча мутасадди ташкилотлар ўз масъулияти ва мажбуриятини ҳис қилиб, портлаш юзасидан амалий ишлар олиб боради. Ва энг асосийси, ушбу бахтсиз ҳодиса сабабчилари жазосиз қолмайди.
LiveБарчаси