“Фарҳод” бозорида аёл тез ёрдам кечикиши оқибатида вафот этдими? ССВ баёнот берди
Жамият
−
13 Июнь 2019
5066Ижтимоий тармоқларда тарқалган “Фарҳод” деҳқон бозори ҳудудида кекса ёшли бир аёлнинг тоби қочгани ва чақирилган “тез ёрдам” кечикиб келгани туфайли бемор шифохонада вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур хабарлардаги ҳолат юзасидан суриштирув ўтказди ва натижаларини эълон қилди.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 8 июнь куни соат 10:24 ва 10:34 оралиғида Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси Call марказига алоҳида-алоҳида иккита қўл телефонидан қўнғироқ бўлади ва улардан бири ёши 50-60, иккинчиси 60-70лар оралиғида аёлнинг “Фарҳод” деҳқон бозори ҳудудида соғлиғи ёмонлашганини маълум қилади. Ушбу маълумот зудлик билан Учтепа тумани 4-подстанциясига етказилиб, воқеа жойига “тез ёрдам” бригадаси жўнатилади. Навбатчи диспетчер вазиятни ўрганиш мақсадида соат 10:44 ларда қўнғироқ қилганида “тез ёрдам” манзилга етиб бориб, беморга биринчи ёрдам кўрсатаётган бўлади.
Бироқ, соат 10:59 да “Фарҳод” бозоридан яна телефон бўлиб “тез ёрдам” кутишаётганини маълум қилишади. Шунда бозор ҳудудида иккита бемор борлиги маълум бўлади ва зудлик билан бошқа “тез ёрдам” бригадаси жўнатилади. Аммо, “тез ёрдам” боргунича бемор йўловчи машинада шифохонага олиб кетилган экан.
– Бозорлар, чорраҳалар, жамоат жойларида бирор бахтсиз ҳодиса рўй берса ёки кимнингдир тоби қочиб қолса, одатда воқеага гувоҳ бўлган йўловчилар “тез ёрдам” чақиради. Бундай мурожаатларда кўпинча тез тиббий ёрдамга муҳтож беморлар бозорнинг ёки чорраҳанинг қайси бурчагида эканлиги аниқ кўрсатилмайди. Аксарият ҳолларда телефон қилган одам ҳам воқеа жойидан кетиб қолади, дейди Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокори Даврон Султонов. – Натижада “тез ёрдам” машинаси беморни тополмай овора-ю сарсон бўлади, бемор топилгунча анча вақт йўқотилади. Кўпчилик ҳолларда бундай чақириқларда беморларни топиш имконияти бўлмайди.
LiveБарчаси