Фаоллар зали, спортзалсиз... Янги ўқув йили қишлоқларда қандай бошланди?
Таҳлил
−
04 Сентябрь
5860Бугун, 4 сентябрдан Ўзбекистондаги барча мактабларда 2024-2025 ўқув йили бошланди ва ўқувчилар синфхоналарига қайтди. Аммо республикадаги айрим мактаблар янги ўқув йилини ўзининг эски муаммолари билан қарши олишга мажбур бўлмоқда. Синфхоналар етишмаслиги, спорт ва мажлислар залларининг йўқлиги ана шундай муаммолардандир.
Масалан, Тошкент вилояти Оҳангарон туманида жойлашган 16-мактаб ташкил этилганидан бери спорт залига муҳтож. Шу сабабли бугун унинг 136 нафар ўқувчиси жисмоний тарбия билан тўлақонли шуғулланишдан маҳрум. Маҳалла аҳолиси бир неча йилдан бери мактаб учун спорт зали қуриш ташаббуси билан “Ташаббусли бюджет”да иштирок этиб келади, аммо мазкур ҳудудда кам сонли аҳоли истиқомат қилгани боис ҳар сафар улар мағлуб бўлаверади.
Болалар жисмоний тарбия билан иссиқ кунларда маҳалланинг эски ва кичкинагина майдончасида шуғулланиб келади. Аммо қиш келиши билан машқлар “назарийлаштирилади”. Ҳатто аҳвол шу даражага етиб келганки, қиш ойларида жисмоний тарбия ўқитувчиларига маош берилмаслиги ҳам мумкин. Шунингдек, синф хоналари кичик бўлгани учун маданий тадбирлар ҳам одатда мактаб ҳовлисида ўтказилади.
Худди шундай муаммо туманнинг 54-мактабида ҳам мавжуд. Ички ишлар вазирлиги оталиғида бўлган бу мактаб яқиндагина таъмирдан чиққан бўлишига қарамай, кўплаб шароитлардан бебаҳра қолган. Мактабнинг спортзали, фаоллар зали йўқ. Ҳатто бундай залларни қуриш учун ер ҳам мавжуд эмас. Бизга ахборот берган ва маълум сабабларга кўра ўз шахсини очиқламаган манбанинг айтишича, вазирлик мутасаддилари мактаб атрофидаги хонадонлардан бирини сотиб олиш ва ўша уйни бузиб, ўрнига спортзали қуриш истагида. Аммо ҳозирча бу истак амалга ошмаган ва бу йил ҳам 54-мактабнинг 200 нафар ўқувчиси жисмоний тарбия билан тўлиқ шуғуллана олмайди. Тадбирлар эса тор доирада кичик синфхоналарда ўтказилишда давом этаверади.
Тошкент вилояти Тошкент туманидаги 22-мактаб узоқ йиллардан сўнг яқиндагина таъмирдан чиқди. 680 ўринли мактаб ўрнига 620 ўринли бўлиб тушган янги бино фаоллар залини ўз ичига олган бўлса-да, унинг керакли жиҳозлари мавжуд эмас. Шу сабабли мактабда таҳсил олаётган 700 нафар ўқувчи тадбирлар ташкиллаштиришда бир қанча муаммоларни бошидан ўтказади.
Керакли жиҳозлар учун моддий ёрдам сўраб мактаб маъмурияти бир неча жойларга – ҳокимлик ва туман прокуратурасига мурожаат қилган. Аммо бу бўйича ҳозиргача бирон ўзгариш бўлмаган.
Тошкент туманининг 21-мактаби икки йил олдин таъмирга тушган. Аммо маҳаллий бюджетдан ажратилган маблағлар етмагани боис 300 ўринли мактабнинг спортзали, фаоллар зали, технология хонаси, ошхона ва бошқа хоналари қурилиши битмаган.
Оқибатда мактабнинг 245 нафар ўқувчиси янги ўқув йилини чала битган мактабда бошлашга мажбур. Спортдан, маданий тадбирлардан, замонавий технологиялардан фойдаланиш шароити мавжуд бўлмаган мактабда ўқитувчилар ҳам энг сўнгги методлар билан дарс ўта олишмайди.
Наманган вилояти Поп туманидаги 43-умумий ўрта таълим мактаби ҳам 2019 йилда буткул таъмирдан чиқиши керак эди. Аммо бугунги кунда мактабнинг спортзали талабга жавоб бермайди. Шунингдек, хоналар етишмовчилиги ҳам ҳал этилмаган.
Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги 12-мактабнинг ҳам фаоллар зали мавжуд эмас. 2023 йилда янгидан реконструкция қилинган мактабда хоналар етишмовчилиги муаммоси бартараф этилмаган. Шу боис ўқувчилар 2 сменада ўқийди. QALAMPIR.UZ билан суҳбатлашган мурожаатчининг маълум қилишича, туманда фаоллар зали мавжуд бўлган мактаблар сони кам. Хоналар етишмовчилиги бўлгани учун айрим тўгаракларни ўтишда муаммолар юзага келади.
Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманининг яна бир мактаби – 93-мактаб ҳам жорий ўқув йилини тўлиқ шароитлар билан бошламайди. XXI асрда бу мактабнинг ҳам спортзали, фаоллар зали йўқ. Болалар 1/8 коэффициентида 2 сменада ўқийди. Чунки 160 ўринли мактабга аллақачон 280 нафар ўқувчи таҳсил олиш учун келади. Улар ўзларидаги муаммони ҳал қилиш учун “Ташаббусли бюджет”да иштирок этиб келади. Аммо аҳоли сонининг камлиги лойиҳа ғолибликни қўлга киритишига халақит беради.
Андижон вилояти Андижон шаҳридаги 17-мактаб кутубхонаси учун эса бадиий адабиётлар етишмайди. Давлат томонидан шу йили берилган 128 та китоб эса болалар сонига нисбатан анча камлик қилади. Шу сабабли болалар одатда китобларни кутубхонанинг ўзида ўқийди. Баъзан эса навбатма-навбат уйларига мутолаа учун олиб кетишга рухсат берилади.
Сурхондарё вилояти Шеробод тумани 45-умумий ўрта таълим мактаби аслида 1983 йил ишга тушган ва шунинг учун ҳозирда яхши иситилмайди.
Жорий йилда 307 дан зиёд ўқувчи мазкур мактабда таълим олади. 2023 йили мактаб ёнига 210 ўринли янги бино қурилган. Шундай бўлса-да, 5 та синф иккинчи сменада ўқишга мажбур.
Бунинг устига спортзали, фаоллар зали, ўқитувчилар хонаси, ошхона каби зарур хоналар мавжуд эмас. Болалар жисмоний таълимни қишин-ёзин, асосан, яйдоқ, зарур анжомлари бўлмаган майдонда олиб келади.
Мусиқа асбобларидан эса фақат аккордеон, рубоб ва доира бор холос.
Бундан ташқари, мактаб ўқитувчилари муттасил равишда мажбурий меҳнатга жалб қилиб келинади. Ўқитувчилар ёзда мактаб ҳудудини тозалаш, дарахтларни оқлаш, мактаб майдонидаги бегона ўтларни чопиш, синфхоналарни таъмирлаш каби вазифаларни бажариб келишган.
Республика миқёсида эса мактабларда ўқувчи ўрни етишмовчилиги 1,6 миллиондан ошиб, 1,7 миллионга яқинлашган.
Ўтган ўқув йили бошланиши арафасидаги ҳисоб-китобларга кўра, ўқувчи ўрни етишмовчилиги 1,5 миллиондан ошган эди. Бундан келиб чиқадики, давлат раҳбарининг 2024 йилда 250 минг ўқувчи ўрни яратиш бўйича топшириғи яна бажарилмаган. Аммо мактабгача ва мактаб таълими вазири аллақачон бошланиб бўлган жорий ўқув йилида 180 минг ўқувчи ўрни яратилишига яна ваъда берди.
Бундай ваъдалар аввалроқ ҳар йили 500 минг ўқувчи ўрни яратишдек улкан режалар эълон қилинган пайтда ҳам берилганди.
Шундай қилиб, миллиардлар эвазига фестиваллар ташкиллаштириладиган Ўзбекистонда кўплаб мактаб ўқувчилари фаоллар зали ва мусиқа асбобларисиз янги ўқув йилини бошлади.
“Сахий” ҳокимлари “ҳомийлар ҳисобидан” спортчиларни сийлашдан чарчамайдиган, давлат томонидан 200 минг доллар, қимматбаҳо автомашина, икки қаватли уйлар берилса-да, уларни яна тақдирлайверадиган мамлакатда минглаб болалар узоқ йиллардан бери спортзалларидан маҳрум.
Ҳулкар Муртазоева
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15