Ошхона ва спортзал ертўлада: Тошкентда янги турдаги мактаблар қурилади

Жамият

image

Тошкент шаҳрида спортзали, ошхона ва устахонаси ертўлада жойлашган янги турдаги мактаблар қурилади. Бу ҳақда бугун, 4 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган Тошкент шаҳри, хусусан, Сергели туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишида сўз борди.

Қайд этилишича, Сергелидаги айрим мактаблар қувватидан 1,5-2 карра юқори юкламада ишламоқда. Мактабларда ўқувчи ўрнини 2 карра кўпайтириш имконини берадиган янги типдаги мактаблар қуриш лойиҳаси таклиф қилинмоқда. 

Янги лойиҳага кўра, спорт зали, ошхона ва устахона ертўлада жойлашади, юқори қаватлардан эса синф хоналари сифатида фойдаланилади. Бу йил Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида биттадан мактаб ва боғчада ушбу ёндашувни жорий этиб, “пойтахт тажрибаси”ни яратиш топширилган. 

Пойтахтда аҳоли ва туристлар учун салқин микроиқлим яратиш мақсадида 12 та сунъий кўл барпо этиш ишлари бошланмоқда. Шундан 3 таси Сергелида – Қўшқўрғон, Султонобод ва Фароғатли маҳаллаларида жами 22 гектар майдонда ташкил этилади. 

Ушбу кўлларни пойтахт иқлимини мўътадил сақлашга, одамлар пиёда сайр қилиб, ҳордиқ чиқаришига хизмат қиладиган масканларга айлантириш вазифаси қўйилди. Шунингдек, “Жўн” каналининг Сергели ва Янгиҳаёт туманларидан ўтган 5 километр қисмини бетонлаштириш бошлангани қайд этилган. 

Сергели ва Янгиҳаёт туманларининг ҳокимларига йил якунигача канал бўйида сайилгоҳ ва саломатлик йўлагини ташкил этиш топширилган. Чирчиқ дарёсининг пойтахт ҳудудидан ўтган 16 километрида ўзанни мустаҳкамлаш ишлари бошланиб, қўшимча 300 гектарда “яшил белбоғ”, сайилгоҳлар, пиёдалар ва велосипед йўлаклари ташкил этилади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг