Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси 94 ёшида вафот этди
Жамият
−
02 Февраль
9484Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси, физика-математика фанлари доктори, профессор Галина Павловна Матвиевская Россиянинг Оренбург шаҳрида 94 ёшида вафот этди. Бу ҳақда академия матбуот хизмати хабар берди.
Матвиевская 1930 йилнинг 13 июль куни ҳозирги Украинанинг Днепр шаҳрида туғилган. 1954 йилда Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) университетининг математика механика факультетини тамомлаган, 1959 йилда СССР Фанлар академияси (ҳозирги Табиатшунослик ва Россия техника Фанлар тарихи академияси)нинг институтида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. Ўша йили у Ўзбекистон Фанлар академияси В.И.Романовский номидаги Математика институтига ўрта асрлар Шарқидаги фанлар тарихи бўйича тадқиқотларни кучайтириш учун таклиф қилинди. 1968 йилда у докторлик диссертациясини ҳимоя қилди (илмий маслаҳатчиси – академик С. X. Сирожиддинов). У Б.А.Розенфельд билан биргаликда жаҳон фондларида сақланаётган араб тилидаги математика ва астрономияга оид қўлёзмалар каталогини тузган, шогирдлари билан биргаликда Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтидаги математик қўлёзмаларининг тавсифини амалга оширган.
Марҳума Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Шамсиддин Самарқандий ва Мирзо Улуғбек, Самарқандда фаолият олиб борган Қозизода Румий, Жамшид Коший ва бошқа олимларининг илмий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш, шунингдек, илм-фан тарихи бўйича мутахассислар тайёрлашдаги хизматлари учун 1974 йилда Ўзбекистон Давлат мукофоти, 1980 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби” фахрий унвони билан тақдирланган. У 1984 йилда академиянинг мухбир аъзоси, 2000 йилда эса ҳақиқий аъзоси этиб сайланган эди.
У лотин, инглиз, немис, француз ва араб тилларини билган, UNESCO томонидан табиий фанлар тарихи бўйича йирик мутахассис сифатида тан олинган ва Халқаро фанлар тарихи академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 28 август куни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти, юқори энергиялар физикаси соҳасида халқаро миқёсда таниқли ва эътироф этилган олим, физика-математика фанлари доктори, профессор, академик Беҳзод Содиқович Йўлдошев 79 ёшида вафот этганди. 29 август куни Президент Шавкат Мирзиёев хонадонига ташриф буюрди ва марҳумнинг рафиқаси ҳамда фарзандларига ҳамдардлик билдириб, сабр-тоқат тилади.
LiveБарчаси