Курс UZS

USD

12 929.37

-17.7

EUR

13 963.72

-69.61

RUB

152.87

-2.14

Фалш ва нота аҳамиятсиз: Рамазон қўшиқлари қаерда қандай айтилади?

Бу қизиқ

image

Бирорта ўзбек йўқки, болалигида тенг-тушлари билан маҳалла бўйлаб Рамазон айтиб, жамғарилган “фойда”дан боши осмонга етмаган бўлса. Рамазон айтиш ўзбек халқининг миллий қадриятларига аллақачон айланиб улгурган бўлиб, бир неча асрлардан бери ҳар йили Рамазон ойида нафақат болаларнинг, балки катталарнинг ҳам кайфиятини кўтарувчи, қалбларга эзгулик ва хушкайфият бахш этувчи мўжизавий халқ оғзаки ижоди ҳисобланади. Рамазон қўшиқлари ҳозирги кунда, асосан, болалар томонидан жонли ижро қилинади. Фалш ва нотанинг умуман аҳамияти йўқ. Муҳими болаларда шижоат ва оловли юрак бўлса бас. Болалар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, қўшнилар эшиги олдида уй эгаларининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, эзгу тилаклар билдиришади. Масалан, фарзанди йўқ оилаларга қўчқордек ўғил, келини йўқ оилаларга эса сочи узун, маликадек қиз тиласа, қизи бор оилага Алпомишдек куёв тилаб дуо қилишади. Бу каби тилаклардан сўнг уй эгаси болаларга ширинлик, турли таомлар, айрим ҳолларда пул беради. Бу жараён мусулмонлар ўртасидаги бирдамликни кучайтириб, хайр-эҳсонни тарғиб қилади. Рамазон айтиш муқаддас ойнинг шукуҳини ҳис қилиш ва ўзаро хурсандчилик улашиш учун жуда гўзал бир анъанадир. Қуйидаги мақолада биз, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида турлича айтиладиган Рамазон қўшиқларининг хилма-хиллиги, уларнинг мазмун-моҳияти, шунингдек, бунга сабаб бўлган турли ривоятларни бақадри имкон таҳлил қиламиз.

Фарғона вилояти

Ўзбекистоннинг шарқий қисмида жойлашган Фарғона водийсининг кўплаб манзилларида Рамазон қўшиғи (“Гулнора” эртаги) ҳижрий йилнинг тўққизинчи ойи, яъни Рамазонда асосан ойнинг биринчи ўн кунлигида айтилади. Шаклланган қоидага кўра, шом намози вақтигача болалар Рамазонни айтиб улгуриши керак. Одатда уй эгалари чиқиб, болаларга эҳсон бермагунча 2-3 кишидан ташкил топган жамоа қўшниларнинг дарвозаси олдида дастурхон ёки рўмол билан хонадонга эзгу тилакларини баланд овозда билдириб туришади. Қўшиқ сўзлари эса одатда қуйидаги мазмунда бўлади:

Рўза келди, билдингларми?

Қозонга ёғ қуйдингларми?

Ақа чиқаринг, бақа чиқаринг.

Чўнтагиздан минг сўм чиқаринг.

 

Минг сўм пулга от олдик,

Отни сотиб қиз олдик.

Қизнинг оти Гулнора

Нон ёпади бечора...

Кўриб турганингиздек, бу ерда қўшиқ матни Рамазоннинг келганини ва ифторликка овқат қилишни эслатади. Шунингдек, баъзи жойларда болалар одамларни рўза тутишга тарғиб қилиш ва рўза тутмаганларнинг жазоланиши мазмунидаги Рамазон қўшиқларини ҳам айтади. Юқорида келтирилган Рамазон қўшиғи 2000-2010 йилларга тегишли. Чунки ундаги “Чўнтагиздан минг сўм чиқаринг”, “Минг сўм пулга от олдик” каби мисралар авваллари беш сўм, бир сўм деб айтилган. Вақт ўтган сари Рамазон айтиш ҳам замонга ва инфляцияга мослашган. Ҳозирги кунда бу “минг сўм” “доллар чиқаринг”га ўзгарган бўлса ҳам ажаб эмас.

Ривоятларга кўра, қадимда Гулнора исмли қизнинг онаси вафот этиб, отаси бегона аёлга уйланади. Афсуски, орадан кўп ўтмай Гулноранинг отаси ҳам вафот этади. Ўгай она эса Гулнорага ёмон муносабатда бўлиб, уни қийин уй юмушларига ва нон ёпиб, бозорда сотишга мажбурлаган. Агар қиз нонни сота олмаса, ўзини қулликка сотиб юбориш билан таҳдид қилган. Шунинг учун ҳам юқоридаги мисраларда қизни бир от пулига сотиб олинганлиги ва Гулноранинг нон ёпиши ҳақида гап боради. Яъни уй эгалари Рамазон айтиб келганларга нон берса, улар Гулнорага олиб бориб бериши, шунда қизча нон ёпишдан халос бўлишини назарда тутади.

Наманган вилояти. Ўғил тилаги

Наманган вилоятининг Нанай қишлоғи атрофларида Рамазон қўшиғи Рамазоннинг 30 куни давомида болалар томонидан айтилади ва қўшиқнинг сўзлари одатда шундай бўлади:

Ўнқир-чўнқир йўллардан,

Туя миниб, биз келдик.

Туя бошин буролмай,

Шу эшикка дуч келдик.

 

Ассалом алайкум. Я Рамазон,

Я Рамазон,

Я Рамазон айтиб келдик эшигингизга.

Худойим ўғил берсин бешигингизга.

 

Оқ танга-ю кўк танга,

Об чиқиб беринг, жон янга.

Об чиқиб бермасангиз бўлмайди,

Хуржунимиз тўлмайди.

Я Рамазон, ёғлиқ қозон,

Я Рамазон айтиб келдик эшигингизга.

Я Рамазон айтиб келдик эшигингизга!

Тошкент – бойваччалар шаҳри

Ушбу қўшиқ матнлари ҳам Фарғона ва Андижонча қўшиқ билан деярли бир хил бўлгани учун энди республиканинг бошқа ҳудудларидаги Рамазон қўшиқларини ҳам кўриб чиқамиз. Тошкент вилоятида Рамазон айтиш одатда, муқаддас ойнинг биринчи 10 кунлигида кўпроқ учрайди. Барча вилоятлар сингари Тошкентда ҳам Рамазон болалар томонидан, одатда ифторликдан сўнг айтилади.

Рамазон айтиб келдик эшигингизга

Худойим фарзанд берсин бешигингизга

Оқ танга, кўк танга

олиб чиқиб беринг 5 танга

5 танганинг боғи бор

Боғида анори бор

Анорини есангиз,

1000 сўм пулни чўзсангиз

Эшигиз тегида ой кўрдик.

Ҳаммадан сизни бой кўрдик.

Чиқара қолинг 1000 сўм пул

Қўшиқдаги сўнгги “Эшигиз тегида ой кўрдик, ҳаммадан сизни бой кўрдик” мисралари хонадон эгаларини эҳсон қилишга рози қилишга “комплимент” сифатида ишлатилади. Аксар ҳолатларда, хонадон эгалари, болаларга пул ёки ширинлик беради. Шунингдек, Тошкент вилоятининг айрим ҳудудларида болалар уй ичига таклиф қилиниб, таом ёки сумалак билан ҳам меҳмон қилиниши ҳам мумкин.

Жиззах, Сирдарё вилоятлари. Кучуклардан ҳимояланиш усули

Жиззах ва Сирдарё вилоятларининг ҳам Рамазон айтиш йўналиши ва жараёндаги қизиқ “урф-одатлари” бор.

Рамазон айтиб келдик эшигингизга,

Қўчқордек ўғил берсин бешигингизга.

Оқ танга, кўк танга,

Чиқара қолинг жон янга.

Ўчоқ кулда, катмонда пул

Чиқара қолинг, беш минг пул.

Беш мингнинг боғи бор,

Боғида анори бор

Аноридан есангиз шақир-шуқур пули бор.

Оп чиқинг, оп чиқинг киссангиза соп чиқинг.

Киссангиза сиғмаса, тоғорага соп чиқинг.

Жиззахда болалар Рамазон айтишга маҳаллага чиқишдан олдин, ўзларининг бўйлари билан тенг келадиган ёғоч ҳам олишади. Бу ёғочлар болаларга эшикларни тақиллатишга ва баъзида “иш вақтида” кучуклардан ўзларини ҳимоя қилиш учун хизмат қилади. Куйлаш давомида болалар қўлларини кўксига қўйиб, ўзига хос мулозамат кўрсатишади.

Самарқанд вилояти

Самарқанд вилоятининг Рамазон қўшиқлари водийникига бироз ўхшаб кетади. “Қизнинг оти Гулнора, нон ёпади бечора” қисмидаги Гулнора исми Самарқандда Анора ёки Нигора кўринишида айтилиши мумкин. Бунинг сабаблари эса турлича, баъзида исмлар ҳудуддаги қизнинг исмини машҳурлиги билан танланса, баъзилар буни халқ оғзаки ижоди бўлганлиги учун шунчаки қофияга тушган деб изоҳлайди.

Бухоро вилояти. “Ўғлингиз бўлсин раис”

Бухоро вилоятининг кўплаб ҳудудларида Рамазон кундуз куни ҳам, кечки оқшомда ҳам айтилиши мумкин.  

Ассалому алайкум, бизлар келлик, Пайғамбар йўлини излаб келлик,

Пайғамбар йўлига келади рўза, рўзанинг савоби тегади сизга

Зумбала-балей, зумбала-балей,

Оқ танга, кўк танга, чиқариб беринг жон янга,

Янгажоним яшасин, устига бахмал ташасин,

Ҳар кун бозор борганда, минг сўм-минг сўм ташасин

 

Пайғамбарнинг 11 ўғли бор эди

Ўн биридан шойиси гулзор эди

Шойисини овга олиб чиқдилар

Жарга ташаб бўри еди дедила

Отаси-онаси югуриб чиқди жар бошига

Чашмалар равон-равон кўз ёшига.

Томдан сепдим седона

Териб есин бедона

Томдан сепдим майиз

Ўғлингиз бўлсин раис!

Одатда Рамазон қўшиқларида Рамазон айтувчилар хонадон эгасини мақташ ва уларга тинчлик-хотиржамлик тилаш бўлса, Бухоро Рамазон қўшиқлари тарихий воқеаларни қўшиққа қўшиб кетиши билан ажралиб туради. Юқорида берилган Рамазон қўшиғи матни айни шунинг исботидир. Англаганингиздек, қўшиқда “11 ўғли бор пайғамбар” дея Ёқуб алайҳиссалом ва ўз оғалари томонидан овга олиб чиқилиб, қудуққа ташланган Юсуф алайҳиссалом ва унинг акалари назарда тутиляпти.

Ҳадисларда келишича, бир кун Ёқуб алайҳиссаломнинг ўғиллари укаси Юсуф алайҳиссалом билан қўй боқишга чиқади ва қудуққа акалари унинг чиройлилиги ва отасининг меҳри Юсуфга, бошқа ўғилларига қараганда ўзгача эканлиги сабабли оғалари уни қудуққа ташлаб юборишади. Кийимини қонга булаб, отасига Юсуфни бўри еб кетганлигини айтишади. Ёқуб алайҳиссалом эса Юсуфнинг қонга беланган кийими ҳеч қаери йиртилмаганидан шубҳаланади ва ўғилларига Юсуфни еган бўрини топиб келтиришларини буюради. Ўғиллар бўрининг ҳам оғзини қонга булаб отасининг ҳузурига келтиради ва шунда Ёқуб алайҳиссалом Аллоҳга нола қилиб, бўрини тилга киришини сўрайди. Шунда бўри Юсуфни у емаганлигини ва ўзи ҳам оч юриб, фарзандини қидираётганини айтади. Шундан сўнг Юсуфнинг оғалари ўз айбларини тан олишади. Юқоридаги Рамазон қўшиғида эса, айни шу воқеалар назарда тутиляпти.

Қашқадарё вилояти. “Ҳар бир ўғил – аскардир”

Республиканинг воҳа ҳудудларида Рамазон қўшиқлари матни ва жараёнлари водийдан анчагина фарқ қилади. Масалан, Қашқадарё вилоятининг Чироқчи ва Яккабоғ туманларида Рамазон қўшиғи Рамазон ойининг биринчи 3 кунида 4 кишилик болалар жамоаси томонидан маҳалладаги ҳар бир уйга кириб айтилса, кейинги кунларда фақатгина ифторлик қилиб, эҳсон қилганларнинг уйидагина айтилади ва қўшиқ қуйидагича хиргойи қилинади;

Рамазон айтиб келдик эшигингизга,

Қўчқордай ўғил берсин бешигингизга.

Ўчоқда кул, ҳамёнда пул

Чиқара қолинг, 5 минг пул.

Бу қўшиқда болалар уйнинг эгаларига қўчқордек бақувват ўғил тилаб, эвазига 5 минг сўм пул сўраётганини кўрамиз. Шунга асосан, водий ҳудудларида Рамазон айтиб келганларга нон, мева ёки ширинликлар берилса, воҳа тарафларда аксар ҳолларда пул берилади. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ўзбек халқ оғзаки ижодида, хусусан, Рамазон қўшиқларида ҳам ўғил фарзанд орзуси кўп учраб туради. Бунинг боиси, халқнинг жанг-у жадалларни, кўплаб урушларни бошидан ўтказгани ва ватан ҳимояси йўлида ўғил фарзандга эҳтиёжи назарда тутилади. Ҳар бир ўғил фарзандга аскар сифатида қаралган ҳамда катта ишонч билдирилган.

Сурхондарё вилояти

Сурхондарё вилоятининг айрим жойларида болалар томонидан айтиладиган Рамазон қўшиғининг матни эса қуйидагича бўлади:

Рамазон, рамазон айтиб келдик,

Эшигингиз тагига етиб келдик

Бак-бака банд, Байтуллоҳ

Эшигизга Раҳматуллоҳ.

Ўчоқда кул, катмонда пул.

Чиқара қолинг, минг сўм пул.

Минг сўм пулни боғи бор,

Боғида анори бор,

Анорини ичида шақир-шуқур пули бор ,

Ё Рамазон, ё Рамазон

Оп чиқинг, оп чиқинг,

Чўнтагизга соб чиқинг

Чўнтагизга сиғмаса,

Этагизга соп чиқинг

Хоразм вилояти

Хоразм вилоятининг деярли барча ҳудудларида Рамазондан 3 кун олдин ёки ойнинг биринчи 3 кунлигида Рамазон болалар ижросида  айтилади ва қўшиқнинг сўзлари қуйидаги кўринишда бўлади;

Рўзани илкин тутиб галдик сиза

Сарпойини баринг биза

Ўйингизни вони дўшик, бони дўшик

Ўртасинда қўша бешик

Йедди галин югириб чиқсин

Йеддисини ҳам ўғли бўсин

Олағайла, булағайла

Ўйингизни олтин билан сувағайла

Об чиқинг, соп чиқинг,

Қозонлара солиб чиқинг.

Қозонлара сиғмаса,

5 минг, 5 минг бариб чиқинг.

Қорақалпоғистон Республикаси. “Ақча берсанг уйиб бер”

Қорақалпоғистон Республикасида эса Рамазон қўшиқларининг турлари бошқа вилоятларга қараганда жуда кўп. Масалан, баъзи жойларда аксар ўзбеклар айтадиган қўшиқларини қорақалпоқ тилида айтишса, баъзи жойларнинг Рамазон қўшиқлари бошқа ҳудудлардан тубдан фарқ қилади.

Я рамазан айта келдим есигиңе

Кошкардай ул берсин бесигиңе 

Ак ак актан келдим, шимбайский жактан келдим

тийин берсен туйип бер, акша берсен уйип бер

Ак капы ашилди, кок капи жаулды,

уйиңиздеги балага, сулу кыз тауылды

Тагысын тагы берсин несибеңе

мухаммед хурметине ярамазан

Ярамазан айта келдим есигине

Кошкардай ул берсин бесигине

Уйын алды ой болсын, кора толы кой болсын

Шайнегинде кайнаган люкы люкы шай болсын

Уйын алды бес терек, бес терекке су керек, уйыниздеги балага узын шашлы кыз керек.

Лўлилар рамазони. “Рўзани тутган киши полвондир”

Рамазон келиши билан, ҳар бир вилоятда лўлилар томонидан кўча-кўйда, бозорларда, одамлар гавжум бўлган жамоат жойларида Рамазон қўшиқлари куйланиши бошланади. Уларнинг Рамазон қўшиғи сўзлари ва қўшиқ ритмида бироз фарқ сезилиб, халқ оғзаки ижодидаги одатий шўх-шодонлик, нолага айланади. Шунингдек, ўзбек болалари маҳалладаги ҳар бир уй дарвозасига айтса, лўли миллати вакиллари кўчада қўшиғини айтиб кетаверади ва эҳсон бермоқчи бўлган одамнинг ўзи бориб, атаганини уларнинг хуржунига ташлайди.

Ассалому алайкум, эй бойлар

Қуллуқ бўлсин-о, янги рўза ойлар

Раббима, ё раббима, ё Рамазон

Муҳаммад умматига бой рамазон.

Аввал бошлаб Худони йод этайлик,

Ўтган пайғамбар арвоҳини шод этайлик.

Раббима ё раббима ё Рамазон

Муҳаммад умматига бой Рамазон

 

Ота қибла, она Каъба дейдилар

Ота- асранглар, бандалар.

Раббима ё раббима ё Рамазон,

Муҳаммад умматига бой Рамазон.

 

Кимгадир бердинг фарзандни бисёр,

Кимнидир қилмагин сен тирноққа зор.

Раббима ё раббима ё Рамазон,

Муҳаммад умматига бой Рамазон.

 

Рўза ҳам 30 кунлик меҳмондир,

Рўзани тутган киши полвондир.

Раббима ё раббима ё Рамазон,

Муҳаммад умматига бой Рамазон.

 

Маккада бир ёғоч бор пулдеккина

Худойим набира берсин гулдеккина.

Раббима ё раббима ё Рамазон,

Муҳаммад умматига бой Рамазон.

Хулоса қилиб айтганда, Рамазон ойи ўзбеклар ва Ўзбекистонда яшовчи ҳар қандай миллат ва элат учун халқона қадриятлар намоён бўладиган, фақат яхши тилаклар тиланадиган муқаддас ойдир. Рамазон қўшиқлари орқали эса болалар юртга тинчлик, оилаларга хотиржамлик, қариндош-уруғлар ўртасида бирдамликни тилаб, муқаддас ойда кўпроқ яхшилик қилишга даъват қилади.

QALAMPIR.UZ жамоаси барча мусулмонларни кириб келаётган муқаддас Рамазон ойи билан самимий қутлаб, оилавий хотиржамлик ва саломатлик тилайди.

Бунёд Келдибоев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Рамазон Рамазон қўшиқлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг