Фаластиндаги отишмалар, Украинадаги “каламушлар” ва Ҳормузнинг янги “эгаси” - Weekend
Таҳлил
−
22 август 243 17 дақиқа
Исроил Миллий хавфсизлик вазири “Ҳар куни 30-40 та фаластинликни отиб ташланг” деб халқига мурожаат қилди. У Ғазода расман қатл майдончасини қурдираётгани ҳақида видео ҳам эълон қилди. Ўлимга ҳукм қилинганларнинг оила аъзолари осиб ўлдириш жараёнини кўриши учун ойнаванд махсус хоналар тайёрланишини айтиб мақтанди. Тасаввур қиляпсизми?
Украинада вазият яхши эмас. Ҳа, улар четдан келган ёрдам эвазига Москва ҳудудигача ҳужум уюштира оляпти. Аммо Зеленский қуроллари тугаётганини айтиб, кўмак сўраб чиқди. Оддий аҳолиси жон таслим қилаётган, шаҳарлари вайронага айланаётган бир пайтда ичкаридаги каламушлар Украинада миллионлаб долларларни кемираётгани аниқланди. Ва бу ҳали ҳаммаси эмас. Киев расмийлари “Маша и медведь” мультфильмини душман деб эълон қилди.
Трамп дипломатияга яна бир бор тупурди. У “Truth Social”даги саҳифасида кутилмаган баёнот билан чиқиб, Ҳормузни АҚШ ҳудуди деб эълон қилди. Эрон эса нима қилиб бўлса ҳам доминантликни сақлаб қолмоқчи. Аммо Ҳормуз ҳақида гап кетганида кўпчилик у қадар эсламайдиган, бироқ бўғознинг иккинчи соҳилида жойлашган Уммон султонлиги ҳам бу қимматбаҳо йўлакка эгалик қилиш даъволарини билдирди. Хўш, глобал нефть йўлагини ким эгаллайди?
Тоқаев муҳим ҳужжатдан Назарбоевнинг исмини ўчирди. Қозоғистонда “Элбоши” даврига узил-кесил нуқта қўйилди деса ҳам бўлади. Хўш, ҳужжатлар нега ўзгартириляпти, Қозоғистонни қандай янги сиёсий янгиланиш кутмоқда?
Агар дунё харитасига бугун фақат совуқ мия билан қарасак, геосиёсат саҳнасида дипломатия аллақачон жон берганига, унинг ўрнини эса очиқчасига куч эгаллаганига гувоҳ бўламиз. Агар ҳали ҳам бу гапимга қўшилмасангиз, келинг, дастурни охиригача кузатинг.
“Фаластинликларни ҳар куни ўлдиринг”
Сиёсатда баъзилар ишлатадиган сўзлар ракеталардан ҳам ваҳшиёнароқ ва вайронкорроқ зарба беради. Исроил Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвирнинг сўнгги баёнотлари халқаро ҳамжамиятни шунчаки ларзага келтирмади, балки замонавий сиёсий элитанинг маънавий даражаси ўзининг ахлоқий устунларини йўқотиб, босқичма-босқич тубанлашувга қараб кетганини ошкор қилди. У Ғазода ҳар кеча 30–40 кишини пешонасидан отиб ташлашга, аҳолини оммавий равишда бошқа қитъаларга кўчириб юборишга ва у ерда янги яҳудий манзилгоҳлари қуришга чақирмоқда. Бен-Гвирнинг Ғазода “инсон ҳисобланмайдиган” ва “яшашга лойиқ бўлмаган” тоифа борлиги ҳақидаги даъволари Гаагадаги Халқаро судда геноцид жиноятининг энг очиқ ва инкор этиб бўлмас далили сифатида қоғозга тушмоқда.
Бен-Гвир бу риторика билан чекланиб қолмади. У ўзининг расмий тармоқларида террорчиликда айбланган фаластинликларни осиб қатл этиш учун барпо этилаётган махсус майдоннинг видеосини намойиш этди. Жорий йилнинг март ойида Исроил парламенти – Кнессет томонидан қабул қилинган ўлим жазоси ҳақидаги қонун асосида қурилаётган бу мажмуада, ҳатто қурбонларнинг яқинлари қатл жараёнини бевосита кузатиши учун махсус ойнаванд хоналар ажратилгани айтилади. Human Rights Watch ва Amnesty International каби халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ушбу ҳолатни инсон қадриятларини ва XXI аср халқаро ҳуқуқ меъёрларини очиқ-ойдин бузиш деб баҳоламоқда. Бу ҳолатни кузата туриб, машҳур француз файласуфи ва сиёсатшуноси Жан Бодрийярнинг фикрларини эслаш мумкин: “Қачонки ҳокимият ўзининг ваҳшийлигини институционаллаштирса ва уни қонун даражасига кўтарса, у сиёсий субъектликни йўқотади ва шунчаки зўравонлик машинасига айланади”.
Вазир даражасидаги мулозимнинг позицияси шундай бўлгандан кейин, қўлида қуроли бор ва фаластинлик ҳар бир тинч аҳолини автоматик равишда “потенциал душман” деб биладиган оддий аскарнинг хатти-ҳаракати қай даражада жиловсизланишини тасаввур қилиш қийин эмас. Яқинда ана шундай ноинсоний ҳаракатлардан бири расман тан олинди.
Исроил Мудофаа армияси 2024 йилнинг бошида Ғазода содир бўлган мудҳиш фожиа – 5 ёшли Ҳинд Ражаб ва унинг оиласи бўлган автоуловни тўғридан-тўғри ўққа тутганини расман бўйнига олди. Ўшанда отишмада оғир ярадор бўлган кичик Ҳинд 3 соат давомида Қизил Ярим Ой жамиятининг диспетчерлик хизматига боғланиб: “Мени олиб кетинглар, илтимос, жуда қўрқяпман...” дея зорланган эди. Уни қутқариш учун махсус рухсатнома билан йўлга чиққан икки нафар шифокор ҳам йўлда ваҳшийларча ўлдирилди, қизчанинг жонсиз танаси эса орадан 12 кун ўтиб, чириган ҳолатда топилди.
Узоқ вақт давомида ушбу фожиага алоқадорлигини мутлақо рад этиб келган Исроил томони, мустақил халқаро суриштирувлар ва глобал тазйиқлардан сўнг, ниҳоят айбни тан олишга ва ички тергов бошланганини эълон қилишга мажбур бўлди. Бундан ташқари, 2025 йилнинг мартида Рафаҳда йўқолган ҳамкасбларини излаб чиққан ва нишонга олинган тез ёрдам машиналарининг йўқ қилиниши – 15 нафар тиббиёт ва БМТ ходимларининг ўлими бўйича ҳам жиноий иш очилди. Аммо рақамларга яхшилаб қарайлик: Исроил ҳарбий прокуратураси томонидан кўриб чиқилган 150 та оғир жиноят ишидан ҳозирча фақат 5 таси бўйича қарор қабул қилинган, қолган баҳсли ҳолатлар эса “жиноят аломатлари йўқ” деган баҳона билан ёпиб юборилган. Бу – халқаро адолатнинг масхара қилиниши эмасми?
Рақамлар ортидаги фожиа ва “тинчлик”нинг аччиқ оқибатлари
Дипломатик музокаралар ва турли геосиёсий “тинчлик режалари” барбод бўлган майдонда фақат қуроллар ва вайронкор овозлар ҳукмронлик қилади. АҚШ Президенти Дональд Трампнинг махсус вакили Жаред Кушнернинг минтақага ташрифи ва геосиёсий манфаатларга асосланган тинчлик ўрнатишга уринишлари натижасиз якунлангач, Ғазода зарбалар шиддати янада баландроқ жаранглади.
19 август куни Исроил томонидан Ғазодаги муниципал полиция идорасига берилган ҳаво зарбаси оқибатида 9 киши, шу жумладан 8 нафар полиция ходими ва атрофда бўлган 13 ёшли бегуноҳ қизча ҳалок бўлди. Исроил армияси бу бинодан ҲАМАС аъзолари фойдаланганини билдирган бўлса, ҲАМАС вакиллари бундай нишонли ҳужумлар тинчлик музокараларини узил-кесил йўққа чиқаришидан огоҳлантирди. “Нусейрат” қочқинлар лагери ва соҳилдаги тинч аҳоли яшаётган ҳудудга берилган зарбалар оқибатида, атиги 1-2 кун ичида ўнлаб бегуноҳ инсонлар, жумладан, ҳали дунёни англаб етмаган ёш болалар ҳаётдан кўз юмди.
Таниқли араб сиёсатшуноси ва халқаро эксперт Муҳаммад ал-Масрий бу вазиятга шундай баҳо беради: “Биз бугун глобал кучларнинг томошабинлиги фонида ахлоқий инқирозга гувоҳ бўлмоқдамиз. Тинчлик музокаралари шунчаки вақт ютиш ва ҳарбий операцияларни кенгайтириш учун геосиёсий парда вазифасини ўтаб бермоқда”.
Мана шундай қонли хабарлар ва инсоният виждонини турткилайдиган воқеалар фонида Туркия ҳукумати Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуни ҳибсга олиш бўйича халқаро ордер берди. Мамлакат Адлия вазири Акин Гюрлекнинг маълум қилишича, ушбу қатъий қарор Исроил томонидан Ғазо учун мўлжалланган гуманитар ёрдам карвонининг ноқонуний тўсиб қўйилиши бўйича олиб борилаётган кенг кўламли тергов доирасида қабул қилинган.
“Биз Ғазода геноцид сиёсатини амалга ошираётган Нетаньяху маъмуриятини дахлсиз ва жавобгарликдан холи деб ҳисобланишини қатъиян рад этамиз. Ғазода содир этилган жиноятларни яширишга ҳамда айбдорларни жазосиз қолдириб, ҳимоя қилишга асло йўл қўймаймиз. Биз миллий ва халқаро ҳуқуқнинг сиёсий ҳамда ҳуқуқий имкониятларидан қатъият билан фойдаланамиз”, дея таъкидлади Акин Гурлек.
Туркия Адлия вазирининг бу баёноти минтақада тинч аҳолига нисбатан давом этаётган тизимли зўравонликларга нисбатан Фаластин халқи, мазлумлар ҳамда бутун инсоният виждони ёнида мустаҳкам туриш ва инсониятга қарши жиноят содир этганларни, уларнинг мақомидан қатъи назар, қонун олдида жавоб беришини таъминлашга қаратилган навбатдаги жиддий ва стратегик қадам бўлди.
Агар халқаро ҳуқуқ механизмлари танлаб ишлашда ва геосиёсий ўйинчиларнинг манфаатларига хизмат қилишда давом этса, “кучлиники тўғри” деган ваҳший тамойил глобал тартиботнинг ягона қоидасига айланиб қолаверади.
Ичкаридан кемираётган “каламушлар”
Майдонларда жанг, фронт ортида миллион долларлик найранглар, кабинетларда эса амалга ошиши учун гўёки жон куйдирилаётган “тинчлик” сценарийлари… Бугун бу сиёсий трагикомедия нафақат Яқин Шарққа, балки Вашингтон, Москва ва Киев учбурчагига ҳам тўлиқ мос келмоқда. Ортда қолаётган ҳафтада Шарқий Европада фақат вайронкор ракеталар ўзаро “алмашиниб” қолгани йўқ, балки фронт фожиалари фонида мультфильмларга қарши “уруш” ва давлат ичидаги миллион долларлик коррупционер гуруҳлар сиёсий саҳнанинг марказига чиқди.
Фронт чизиғидаги асл ва бепардоз манзарадан бошлайлик, чунки у ерда дипломатиянинг иси ҳам йўқ. 20 августга ўтар кечаси ва тонгда Россия томонидан уюштирилган навбатдаги оммавий ракета ва дрон зарбалари Украина осмонини яна тилкалади. Натижада пойтахт Киев ва унинг атрофидаги Бровари тумани каби ҳудудларда камида 12 киши ҳалок бўлди, 33 нафари оғир жароҳатланди. Олисдан қараганда бу рақамлар шунчаки қуруқ статистикадек туюлиши мумкин. Аммо Соломянский туманидаги 9 қаватли турар жойнинг ёниб кетган юқори қаватларига қараган одам, тинч аҳолининг кун сайин кичрайиб бораётган ҳаёт мазмунини кўради. Маҳаллий ҳокимият 21 август, жума кунини расман аза куни деб эълон қилишга мажбур бўлди.
Украина томонига кўра, зарбалар фақат турар жойларга эмас, балки омборхоналар, мактаблар, саноат марказлари ва ҳатто болалар шифохонасига ҳам берилган. 90 мингга яқин хонадон бир зумда чироқсиз ва иссиқликсиз қолди. Биргина ўтган ҳафтанинг ўзида Россия Украина бўйлаб 1550 дан ортиқ дрон, 1560 та авиабомба ва 62 та ракета отганини ҳисобга олсак, Киевдаги ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимларининг “нафаси сиқилиб” қолаётгани аён бўлади. Бу мавзуда алоҳида материал тайёрлаганмиз. Уни экранларингизда пайдо бўлган сарлавҳа орқали қидириб топишингиз мумкин.
Албатта, Кремль бу вайронкор зарбаларни “ҳарбий омборлар ва дрон қисмлари ишлаб чиқарувчи логистика марказларига берилган аниқ зарба” деб оқламоқда. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Ким ҳам “биз тинч аҳолини портлатиб ташладик” дерди. Киев ҳам қараб тургани йўқ – сўнгги ҳафталарда Россия ичкарисига, жумладан, Москва йўналишидаги нефть инфратузилмаларига кетма-кет 600 та дронли зарбалар йўллади. Бу ҳафтанинг ўзида РФ ҳудудида 16 киши, жумладан бир ёш бола ҳалок бўлди. Тизимли зўравонлик иккала томондан ҳам геосиёсий мантиқнинг ягона тилига айланиб бўлди.
Энг қизиғи, иккала тарафда ракеталар учиб юрган, тупроқда оддий одамлар қони тўкилаётган бир пайтда, Вашингтон ва Москва ўртасида гўёки “тинчлик режаси” муҳокама қилинаётгани ҳақида хабарлар бериляпти. Украина Президенти Владимир Зеленский Дональд Трампнинг махсус вакиллари Стив Уиткофф ва жаред Кушнерга урушни тугатиш бўйича ўз таклифларини тутқазганини ва шу билан бирга ҳаво ҳужумидан ҳимоя ракеталарини сўраб ёлвораётганини яширмади.
Аммо бу “тинчлик элчилари” охирги марта шу йилнинг январь ойида Москвага бориб-келиб, Киев харитасини “унутиб қўйишганми” – ишқилиб, Украина томонга ҳалигача қадам босишгани йўқ.
РФ Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова эса “биз тайёрмиз, лекин аниқ таклиф олмадик” дея дипломатик босим қилишда давом этмоқда. Хуллас, катта геосиёсий шахмат тахтасида дипломатлар суҳбатлашадиган қулай жойни қидираётган бир пайтда, майдонда бегуноҳ одамлар ўлишда ва шаҳарлар вайрон бўлишда давом этмоқда.
Мана шундай оғир ва таҳликали вазиятда Украина Президенти администрацияси жуда “стратегик” ва “оламшумул” бир қарор қабул қилди: миллий хавфсизликка энг катта таҳдид деб... “Маша ва Медвед” мультфильмини топди. Ҳа, тўғри эшитдингиз, бу ҳазил эмас. Киев томони бу қувноқ ва шўх қизчани Россиянинг геосиёсий “юмшоқ кучи” ва идеологик тарғибот қуроли деб ҳисоблаб, ушбу анимация ижодкорлари, жумладан, “Анимаккорд” студиясига қарши нақ 10 йиллик санкция киритди. Энди Маданият вазирлиги Netflix ва YouTube каби гигантларга расмий хатлар ёзиб, Машанинг видеоларини глобал тармоқда блоклаш билан овора бўлади.
Албатта, Кремль бундай воқеани ўтказиб юборармиди? Дмитрий Песков дарҳол вазиятга муносабат билдириб, буни “мультфильмлар билан уруш” ва Киевнинг навбатдаги “сиёсий хунуклиги” деб атади. Ҳар ҳолда, YouTube’да миллиардлаб кўрилган бир неча дақиқалик “болалар мультфильми” жаҳон тинчлигини барбод қиладиган бош сабабчига айланиб қолганини эшитган кўп одам мийиғида жилмайиб қўйса, ажаб эмас.
Лекин Украинанинг ички сиёсатидаги энг қизиқ ва даҳшатли “триллер” мультфильмларда эмас, балки коррупцияга қарши кураш идораларида ёзилмоқда. Улар бир вақтнинг ўзида “Форрест Гамп” ва “Фемида” номли операция натижаларини эълон қилди. Маълум бўлишича, амалдаги ва собиқ депутатлар, Президент офисининг юқори мартабали мулозимлари, Адлия вазирлиги ҳамда банклар раҳбарлари бирлашиб, яхшигина жиноий жамоа тузган. Бу жамоа аввалига 150 миллион гривнани (3,36 миллион доллар) сохта ҳисоблар орқали ноқонуний олиб чиқиб, собиқ энергетика вазири учун “гаров пули” қилиб ювган бўлса, “Фемида” операцияси доирасида давлат реестрларига аждаҳодек оралаб, 248 миллион гривналик (5,54 миллион доллар) корхона ва кўчмас мулкларни очиқдан-очиқ рейдерлик йўли билан ўзлаштиришган.
Оқибатда, Президент Зеленский 19 август куни ушбу суриштирувларда номи чиққан ўз офиси раҳбари ўринбосарини шармандаларча лавозимидан озод қилишга мажбур бўлди. Ваҳоланки, шусиз ҳам қурол-яроғ сотиб олишдаги ўғирликлар ва энергетика соҳасидаги найранглар сабабли вазирлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб истеъфога чиқаётган эди.
Хуллас, қурол-яроғ учун президенти кучли давлатларга ёлвораётган пайтда уни сотиб олишга ажратилган пуллар ва ёрдам маблағларини ичкаридан кемираётганлар борлиги фош бўлди. Бу эса нафс ҳар қандай вазиятда ўз қудратини кўрсатиб қўйишига ёрқин бир мисол. Ўз давлати уруш майдонига айланган, шаҳарлари вайрона бўлган, осмонида фожиалар давом этаётган бир пайтда, баъзилар фронт ортида миллионларни ҳазм қилиш, бошқалари эса бунинг айбдорларини анимацион қаҳрамонлардан қидириш билан банд. Тинчлик эса... у ҳанузгача Вашингтон ва Москва дипломатларининг муҳокамасига қараб турибди.
Европа Иттифоқи эса яқин ойларда Россияга қарши санкцияларни сезиларли даражада кенгайтиришни режалаштирмоқда. ЕИнинг ташқи сиёсат бўйича олий вакили Кая Каллас шу мазмунда Германия нашрига интервью берди.
“ЕИ санкциялари Россияга аллақачон катта зарар етказди, Россиянинг уруш машинасини 1 триллион евродан ортиқ маблағдан маҳрум қилди. Кузда эса уруш бошланганидан бери энг кенг қамровли санкциялар рўйхатини таклиф қиламан. Москва урушни тугатмагунча босим изчил равишда кучайиб бориши керак”, деди у.
Каллас янги санкциялар пакетининг аниқ муддати ва майда тафсилотларини очиқламаган. Демак, геосиёсий шахмат тахтасидаги бу қонли ва нохолис ўйинга шу ерда нуқта эмас, вақтинчалик вергул қўйиб турамиз.
Ҳормуз аслида кимники? Жаҳон иқтисодиётининг томоғидаги ханжар
Бугун ҳамманинг нигоҳи яна ўша жуда тор, аммо жаҳон энергетика тизимининг ҳаёт-мамот артерияси ҳисобланган Ҳормуз бўғозига қадалган. Теҳрон йиллар давомида ўз назоратида ушлаб турган ушбу геостратегик майдонни энди ҳеч кимга, айниқса Ғарб блокларига бериб қўймоқчи эмас. Лекин масаланинг туб моҳияти шундаки, Ҳормуз ҳеч қачон фақат Эроннинг шахсий томорқаси ёки ички сув ҳавзаси бўлмаган. Бўғознинг жанубий соҳилида азалдан босиқ, вазмин ва дипломатик жиҳатдан ниҳоятда нозик ўйин олиб борадиган Уммон Султонлиги жойлашган. Бу икки давлатнинг ҳудудий сувлари шу қадар жипс ва бир-бирига туташиб кетганки, Халқаро денгиз ҳуқуқи ва БМТнинг 1982 йилдаги Конвенцияси меъёрларига кўра, бўғозни бир томонлама тартибда “жиловлаш”га уриниш геосиёсий ва ҳуқуқий мантиққа асло тўғри келмайди.
Америкалик машҳур геосиёсатчи ва стратегик таҳлилчи Альфред Тайер Мэхэн ўз вақтида таъкидлаганидек: “Денгиз йўлларини назорат қилган куч, нафақат жаҳон савдосини, балки жаҳон сиёсатининг уруш ва тинчлик ритмини ҳам белгилайди”. Бугун Ҳормуз атрофида кечаётган кураш айнан мана шу ритмни ўз қўлига олиш учун кечмоқда.
Шу боис, Теҳрон сўнгги ойларда Уммон билан парда ортида “тил бириктириш”га, аниқроғи, янги таъсир доиралари харитасини келишиб олишга жиддий уринмоқда. Теҳроннинг манфаатлар занжирига асосланган режаси жуда содда ва айёрона: “Кел, дўстим, бу бебаҳо бўғозни иккимиз биргаликда бошқарамиз, лекин асосий руль ва сиёсий назорат менда бўлади. АҚШ ва Исроил кемалари учун бу эшикни тақа-тақ ёпамиз, қолган транзит ўтаётган кемалардан эса “хавфсизлик ва хизмат ҳақи” ундирамиз”.
Бироқ Маскат ҳам бу сиёсий шахматда анойи эмас. Уммон дипломатияси “50/50” тамойилига асосланган тенг ва адолатли шерикликни талаб этмоқда. Маскатнинг асосий мақсади – бўғозда шунчаки Теҳроннинг соясидаги томошабин ёки ижрочи эмас, балки келадиган миллиардлаб даромад ва геосиёсий дивидендлардан ўз улушини олувчи тенг ҳуқуқли ва мустақил хожага айланишдир.
Аммо бу кураш майдонига кутилмаганда учинчи “қаҳрамон” аралашди. Дональд Трамп ўзининг севимли “Truth Social” тармоғида Ҳормуз бўғозининг харитасини айланага олиб, уни ҳеч бир халқаро ҳужжатсиз “АҚШнинг янги ҳудуди” деб эълон қилиб юборди. Йиллар давомида Вашингтон ва Теҳрон ўртасида энг нозик дипломатик сирларни ташиб, воситачилик қилиб келган ва АҚШнинг минтақадаги энг ишончли, босиқ ва вазмин ҳамкори бўлган Уммонга қаратиб: “Музокараларда жуда эҳтиёт бўлинглар, акс ҳолда сизларни ҳам бомбардимон қиламиз”, дейиши замонавий дипломатиянинг “энг нозик ва юксак” дурдонаси бўлди, дейиш мумкин. Йиллар давомида тўпланган садоқат ва дипломатик мувозанат шу тариқа Вашингтон томонидан “муносиб” баҳоланди.
Теҳрон томони эса Трампнинг бу каби баландпарвоз ва “ҳавоий фармонлари”га ташқи томондан совуққон, лекин мазмунан анча кесатиқли ва ўткир жавоб қайтарди. Эрон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Козим Ғарибободий ушбу ҳаёт-мамот сув артериясини шунчаки таҳдид билан эгаллаб бўлмаслигини алоҳида маълум қилди.
“Ҳормуз бўғозини твит билан ҳам, авиаташувчи билан ҳам, фармон ёки сайлов олди популистик нутқи билан ҳам эгаллаб бўлмайди. Трамп боқий Форс кўрфази номини тўғри ёзишни ўрганганидек, яқин орада унинг Ҳормуз бўғози борасидаги навбатдаги янглишиши ёки тузатилади, ёки бу адашган одамнинг янглишишларини ўзимиз амалда тузатиб қўямиз”, деб ёзди у “X”даги расмий саҳифасида.
Эътиборли жиҳати шундаки, АҚШ бўғознинг очиқ бўлиши тарафдори эканлигини айтаётган бўлса-да, ўз таъсир доирасига олишини ҳам рад этмаяпти. Яъни Ҳормуз урушдан олдингидек ҳамманики эмас, кимнингдир пул ишлаш воситаси бўлиб қолиши мумкин.
Аммо Трамп Ҳормузни мутлақ АҚШ ҳудуди деб эълон қилиши учун аввал Эрон устидан ғалаба қозониши керак. Ўтган беш ойлик тажрибадан келиб чиқсак, ҳали-бери бунинг иложи йўқдек. Можаро қанча чўзилмасин, Вашингтон қандай йўл тутмасин, барибир ҳақиқий ғолиб ким эканлигини билиб бўлмайди.
Бугун дунё иқтисодиёти ва йирик глобал ўйинчилар “Ҳормуз аслида кимники?” деган ҳуқуқий ёки тарихий саволга эмас, балки “Айнан ким бу бебаҳо нефть ва газ жўмрагини амалда ўзиники қилиб олади?” деган саволга жавоб изламоқда. Афтидан, бу фундаментал саволнинг жавобини яқин орада тинч дипломатик стол атрофида эмас, Форс кўрфазининг мавжланаётган сувларидаги ҳарбий кемалар ва тўлқинлар шовқинида эшитамиз.
Тоқаев муҳим ҳужжатдан Назарбоевнинг исмини ўчирди
Қозоғистон сиёсий майдонида фундаментал ўзгаришлар босқичи давом этмоқда. Президент Қосим-Жўмарт Тоқаев мамлакатнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган Ташқи сиёсат концепциясига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Сиртдан қараганда шунчаки ҳужжатдаги сўзларни таҳрир қилишдек туюлган бу қарор, аслида мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсий архитектурасида “Элбоши” даврига узил-кесил нуқта қўйишнинг мантиқий давомидир.
Янгиланган концепциядан биринчи президент Нурсултон Назарбоевнинг номи, унинг “тарихий миссияси” ҳамда давлат органларига алоҳида ташаббуслар билан чиқиш каби эксклюзив ҳуқуқлари бутунлай чиқариб ташланди. Эндиликда Қозоғистон ташқи сиёсатида “Назарбоев позициясининг изчиллиги” эмас, шунчаки “давлатнинг ташқи сиёсий позицияси изчиллиги” асосий тамойил сифатида белгиланди. Шунингдек, илгари Назарбоев шафелигида ўтказилган “Astana Club” ва Евроосиё медиа форуми каби майдонлар ташқи сиёсат воситалари рўйхатидан ўчирилиб, диққат-эътибор фақат Остона халқаро форумига қаратиладиган бўлди.
Ташқи сиёсий вектордаги бу тизимли “тозалаш” мамлакат ичидаги йирик конституциявий ислоҳотлар билан туташиб кетмоқда. Жорий йилнинг 23 августида Қозоғистонда янги Конституция қабул қилинганидан бери илк бор парламент сайловлари бўлиб ўтади. Илк бор фуқаролар икки палатали эмас, балки бир палатали янги орган – “Қурултой” таркибини сайлайди. Бор-йўғи 145 нафар депутатдан иборат бўладиган бу парламентга мустақил номзодлар қўйилмайди, улар фақат партиявий рўйхатлар асосида танланади. Бу жараёнда асосий сиёсий куч сифатида Тоқаев курсини тўлиқ қўллаб-қувватлайдиган ва йирик тадбиркорларни бирлаштирган “Адилет” (Адолат) партияси майдонга чиқиши кутилмоқда.
Гарчи Президент Тоқаев бир палатали тизимга ўтишни қонун чиқарувчи орган таъсирини ошириш ва давлат бошқарувида аниқ мувозанат ўрнатиш деб изоҳлаётган бўлса-да, халқаро ва маҳаллий сиёсий таҳлилчилар бунга бошқача баҳо бермоқда. Парламентнинг фақат партиявий рўйхатлар асосида шаклланиши ва мустақил овозларнинг сиқиб чиқарилиши, аслида унинг назорат ва мухолифлик функциясини сусайтиради. Янги Конституция Тоқаевга аввалги президентлик муддатларини ноллаштириш имконини берганини ҳисобга олсак, ҳокимиятнинг бир қўлда марказлашуви юқорилигича қолмоқда. Аёнки, Тоқаев Назарбоев давридан қолган барча сиёсий сояларни чиқариб ташлаб, ўз назорати остидаги янги ва мутлақ сиёсий вертикални мустаҳкамламоқда.
XXI аср дипломатияси банкротликка учради. Можароли жойларда келишувдан кўра, кучлироқнинг фойдасига ҳал бўладиган масалалар муҳокама қилиняпти. Ва инқирозга учраган жиҳат фақат бу эмас. Қачонки сиёсатчиларнинг тилидан ракеталардан ҳам оғирроқ сўзлар чиқса, қачонки 5 ёшли болаларнинг сўнгги ёлворишлари “ҳарбий зарурат” деган қуруқ ҳисоботлар остида кўмилиб кетса ва қачонки уруш фожиалари, ҳамюртларининг ўлими фонида миллион долларлик талон-торожлар давом этса, инсониятнинг маънавий ва ахлоқий устунлари қулаганини англаш қийин эмас.
Бегуноҳ инсонлар қони, вайрон бўлган шаҳарлар ва очиқ таҳдидлар фонида бир нарса аён: бугунги дунёни адолат ёки халқаро ҳуқуқ эмас, куч бошқармоқда.
Live
Барчаси22 август
Чиноздаги “дом”лардан бирида ёнғин чиқди
22 август