Исроилдаги қуролли тўқнашувлар фонида жаҳон бозорларида нефть нархи кўтарилди
Олам
−
09 Октябрь 2023
4886Фаластин – Исроил можаросининг кескинлашуви жаҳон бозорларига таъсир кўрсатди: "Brent" ва WTI маркали нефть нархи қимматлашди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Қизиқ томони Исроил йирик нефть ишлаб чиқарувчиси бўлмаса-да, ушбу ҳудуддаги қонли воқеалар инвесторларни чўчитиб юборган. Оқибатда Америка бозорида хом ашё нархи 4 фоизга ошган. Якшанба оқшомида "Brent"нинг бир баррели 87 доллардан сотилган.
Нью-Йорк товар биржасида WTI нефтининг нархи 86,35 долларни (+4,3%) ташкил этган.
"Brent" декабрь фючерсларининг нархи Лондоннинг ICE биржасида 88,99 доллар/баррелга етди.
ANZ Group таҳлил маркази экспертларининг таъкидлашича, бозорлар учун асосий масала бу можаронинг ҳозирги ҳудудларда қолиши ёки бошқа минтақаларга тарқалишидир. Айниқса АҚШ ва Эроннинг можарога киришишидан ҳам хавотирлар кучаймоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланганди. Кейинчалик ҲАМАС ҳаракати Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошлаганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди. Сўнгги маълумотларга кўра, можаро қурбонлари сони 1100 га яқинлашди.