Мурдалар ва вайроналар орасига қайтаётган фаластинликлар

Таҳлил

image

Фаластинликлар ўт очишни тўхтатиш келишувидан сўнг Ғазо секторига қайтмоқда. Исроил ва ҲАМАС гуруҳи ўртасида 19 январь куни тушда бошланган сулҳ роппа-роса олти ҳафта давом этади. Эришилган келишувнинг муҳим қисми маҳбуслар алмашинуви бўлиб, унинг биринчи босқичи 33 нафар исроиллик гаровга олинган ва 2000 га яқин фаластинлик маҳбусни озод қилишни ўз ичига олади. Икки мамлакатда “қисқа” муддатли тинчлик бошланди. Қон ва фарёдга тўла Фаластин кўчалари тинчигандек бўлди.

Ниҳоят, келишув ортидан Ғазода бир йилдан ортиқ вақтдан бери илк бора учувчисиз учоқлар ёки бомбардимонлар овозисиз кечган биринчи тун ўтди. Шундан кейин қўрқув ичида қолган одамлар вайрон бўлган уйларига қайтиб, бедарак йўқолган яқинларини қидира бошлади. Ғазо тарихий инқирозни бошидан кечирди ва ниҳоят, ҳориган Фаластин ҳордиқ чиқариш учун “оёқ чўзди”. “The Guardian” нашрининг ёзишича, ҲАМАС қўлга олган уч нафар гаровдагиларнинг озод қилиниши ва Исроил қамоқхоналаридан 90 фаластинликнинг алмашуви ортидан кучга кирган сулҳ икки мамлакатда ҳам катта қувонч билан қарши олинди. Қолаверса, ўқлар овози тинган Фаластин ҳудудларига ниҳоятда зарур бўлган гуманитар ёрдам оқиб кела бошлади.

Бироқ 20 январь куни 2,3 миллион аҳолига эга Ғазо сектори 2023 йил 7 октябрда ҲАМАСнинг ҳужумига жавобан Исроил томонидан етказилган вайронгарчилик миқёсини ўлчай бошлаганида, байрамлар ўрнини алам ва қайғу эгаллади. Исроилда эса гаровдагилар соғ-омон қайтарилгани учун хурсандчилик кайфияти ҲАМАСнинг гаровдагиларни топшириш пайтида намойиш қилган кучи ортидан яна ғазабга алмашди.

Аслида нима бўлди?

Исроилнинг Ғарбий Соҳилда жойлашган яҳудий кўчманчилари Ғазо бўйича келишувга қарши чиқиб, 19 декабрь куни кечқурун фаластинликлар шаҳри Рамаллоҳга киришни тўсиб қўйишга уринди. Улар Исроил қамоқхоналарида ушлаб турилган 90 нафар аёллар ва болаларнинг қайтарилишига тўсқинлик қилишга ҳаракат қилди. Исроил экстремистлари Ғарбий Соҳилнинг учта қишлоғида уйлар ва автомобилларни ёқиб юборгани ҳақида кўплаб ОАВлар хабар берди. Исроил Мудофаа армиясининг баёнотида тартибсизлик иштирокчиларини тарқатиб юборишда “тезкор” чоралар кўрилгани ва икки киши қўлга олингани айтилади, аммо бу ҳолат ҳуқуқ ҳимоячиси – “Еш Дин” ташкилоти томонидан шубҳа остига олинди.

Ўт очишни тўхтатишнинг дастлабки олти ҳафталик босқичи давом этадими ёки йўқми, ҳозирча номаълум. Аммо келишув ортидан тинчлик тугал бўлмади. Баъзида сулҳ қоидалари бузилди. Масалан, 20 январь куни зўравонлик ҳақида айрим хабарлар келиб тушган, жумладан, шифокорларнинг маълум қилишича, Исроил қўшинлари Рафаҳ ҳудудида саккиз кишини отиб ўлдирган. Исроил ҳарбийлари ушбу хабарларни текширишаётганини маълум қилган.

Ғазо сектори Нецарим йўлаги орқали иккига бўлинган. Исроил армиясининг ушбу ҳудуддан қўшинларини олиб чиқиши сулҳнинг еттинчи кунида бошланиши кутилмоқда. Аммо Ғазонинг шимолий ва жанубий ҳудудларида кўчирилган тинч аҳоли ўз шаҳарларига, қишлоқларига ва қочқинлар лагерларига узоқ йўлни оёқ, пиёда ёки эшак аравалари орқали босиб ўтмоқда. Улар йўл-йўлакай портламаган снарядлар устида юришга мажбур бўлмоқда.

“The Guardian ”нинг хабар беришича, шимолдаги Байт-Лаҳия шаҳридан бўлган 22 ёшли Юсуф 20 январь куни урушда ота-онаси ва акасини йўқотиб, Ғазо шаҳридан ўз уйига қайтган.

“Байт-Лаҳияга етиб келганимда биринчи бўлган ҳиссиёт – бу шок ва даҳшат. Бу тўққиз баллик зилзила оқибатига ўхшайди. Шаҳримда кўчаларнинг, дўконларнинг, боғларнинг, бозорларнинг, шифохоналарнинг ёки ҳокимият биноларининг изи ҳам қолмаган. Атрофда фақат харобалар ва улар орасида ётган мурдалар бор”, деган у.

У кейинроқ ҳам яна мурдалар ва вайроналар макони – Ғазо шаҳрига қайтиш нияти борлигини айтган.

“Мен бу ерга фақатгина яшаш учун зарур бўлган сув, озиқ-овқат, тиббий хизмат ва инфратузилма тикланганида қайтишни режа қилганман, шунда биз ҳаётимизни янгидан бошлашимиз мумкин бўлади”, деган у.

20 январь куни Фуқаро мудофааси хизмати бедарак йўқолган 10 мингга яқин кишини қидириш расмий равишда бошланганини эълон қилди. Уларнинг кўпчилигини излаш эса бефойда. Қолаверса, сулҳга қарамай, Ғазода ҳалок бўлганлар сони ошишда яна давом этмоқда: шифокорлар охирги 24 соатда 62 нафар жасад топилганини маълум қилди. Бу билан ҳалок бўлганлар сони 47 мингга етди. 110 минг киши яраланган, улардан чораги ҳаётини издан чиқарувчи жароҳат олган. Шунингдек, 12 минг киши шошилинч даволаниш учун бошқа жойларга кўчирилишга муҳтож.

48 ёшли Ум Сабер олти фарзанднинг онаси ва бева аёл. У 20 январь куни Байт-Лаҳияга қайтди. У “Associated Press”га йўл бўйлаб бир неча мурдаларни кўргани, баъзилари бир неча ҳафта давомида очиқ ҳавода ётганини айтиб берган. Шунингдек, у уйининг бутунлай вайрон бўлганини ва қўшниларининг яқинларини қидириш учун вайроналарни ковлашни бошлаганини қўшимча қилди. Баъзи одамлар эса чодир тиклаш учун жой очишга уринмоқда.
 


“Касалхоналар вайрон қилинган. Ҳаммаси ўта дахшатли”, деган у.

Ғазога кўмак 

Сулҳ кучга кириши ортидан 20 январь куни 630 та юк машинаси Ғазо секторига кирди. Юкларнинг ярми деярли ташқи дунёдан узилган Ғазонинг шимолий қисмига юборилган. Исроил Фаластин ҳудудига гуманитар ёрдам етказилишини қасддан тўхтатиб қўйганини рад этиб, ёрдам агентликларини кечикишларда айбламоқда ва ҲАМАСни етказиб беришларни тўхтатишда айблаяпти.

Ҳозирда кунига ўртача 18 та юк машинаси ҳудудга киритилмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) маълумотларига кўра, Ғазода гуманитар инқирозни жиловлаш учун кунига 500 та юк машинаси кириши зарур. Аммо ёрдам оқимини ошириш учун кўпроқ вақт талаб қилиниши мумкин. Халқаро қутқарув қўмитаси раҳбари Дэвид Милибэнд қуролли гуруҳларнинг хавфи билан боғлиқ муаммоларни тилга олиб, бу жараён яна кечикишини айтди.
 
Ғазо секторини тиклаш ва бошқариш масалалари март ойида ўт очишни тўхтатишнинг биринчи босқичи тугашидан олдин февраль ойида бошланиши режалаштирилган музокаралар давомида муҳокама қилиниши кутилмоқда. БМТ томонидан январь ойи бошида ўтказилган баҳолашга кўра, Исроил бомбардимонлари ортидан қолган 50 миллион тоннадан ортиқ вайроналар тозаланиши учун 21 йил талаб қилинади ва бу 1,2 миллиард долларга тушади. ЖССТ Ғазода вайрон бўлган тиббий инфратузилмани тиклаш учун 10 миллион доллар кераклиги, сектордаги 36 шифохонанинг фақат ярми қисман ишлаётгани ҳақида маълумот берган.
 
Шундай қилиб, Ғазо оғир босим остидан чиққандай бўлди, аммо воқеалар ривожи қандай бўлиши ҳалигача номаълум. Ғазоликлар бугун хурсанд. Тўғри, уларнинг уйи ва яқинлари йўқ, лекин уларнинг дилида қисқа муддатли хотиржамлик бор.


Мақола муаллифи

Теглар

Фаластин Исроил Ғазо ҲАМАС Ғарбий Соҳил Рамаллоҳ Байт-Лаҳия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг