Исроилнинг Ғазога ҳужумларида ҳалок бўлганлар 70 мингдан ошди
Олам
−
02 Декабрь 867 2 дақиқа
Исроил армиясининг Ғазо секторига сўнгги 24 соат ичида уюштирган ҳужумларида ҳалок бўлганлар сони яна 9 кишига кўпайиб, 70 112 нафарга етди. Бу ҳақда Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб, “Anadolu” хабар берди.
Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги ёзма баёнотида Исроил ҳужумлари оқибатидаги қурбонлар ва вайроналар остидан топилган янги жасадлар ҳақидаги сўнгги маълумотларни эълон қилди. Сўнгги 24 соат ичида вайроналар остидан 9 нафар фаластинликнинг жасади чиқарилган, яна 1 нафар ярадор шифохонага етказилган.
Сулҳ кучга кирганидан буён содир этилган ҳужумларда 356 киши ҳалок бўлган, 909 киши яраланган, вайроналар остидан 616 жасад топилган.
2023 йил октябрь ойида бошланган Исроил ҳужумлари давомида ҳалок бўлганлар умумий сони 70 112 кишига, ярадорлар эса 170 986 кишига етган.
Ғазо бўйича сулҳ ва асирлар алмашинуви келишуви
9 октябрь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Мисрдаги музокаралар давомида Исроил ва ҲАМАС Ғазодаги сулҳ режасининг биринчи босқичини маъқуллаганини эълон қилди.
Музокаралар ўтказилган Мисрда имзоланган келишув 10 октябрь куни Исроил ҳукумати томонидан тасдиқлангач, кучга кирди. Ғазо секторида сулҳ мавжуд бўлишига қарамай, Исроил армияси вақти-вақти билан турли айбловларни важ қилиб, фаластинликларга зарбалар бермоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил армияси ўтган ҳафта Ғазо жанубидаги Рафаҳ шаҳри яқинида қуршовда қолган ҲАМАС ҳаракати аъзоларидан 40 нафарини йўқ қилганини маълум қилганди.