“FAKE!”. ИИВ сариқ жилет юзасидан изоҳ берди
Жамият
−
01 Март 2023
8096Аввал хабар берганимиздек, Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ эндиликда қоронғида мактаб ўқувчилари, велойўлакда ҳаракатланувчи шахслар ва пиёдалар учун нур қайтаргичли жилетлардан фойдаланиш тартиби жорий этилиши маълум қилинган эди. Бу хабар медиада эълон қилиниши билан жамоатчилик фаолларининг кенг муҳокамасига сабаб бўлди.
Бироқ Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати мазкур хабар юзасидан муносабат билдириб, аввалроқ эълон қилинган хабар ҳақиқатга мос келмаслигини маълум қилди.
“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрель кунидаги “Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисидаги” 172-сон қарорига мувофиқ, фуқароларнинг, айниқса, болаларнинг йўл-транспорт ҳодисалари ҳамда оқибатларидан ҳимояланганлигини таъминлаш мақсадида сутканинг қоронғи вақтида ва етарлича кўринмайдиган шароитда йўлни кесиб ўтишда ва йўл ёқаларидан ёки қатнов қисмининг четидан ҳаракатланишда, пиёдаларнинг устки кийимида нур қайтарувчи элементлар бўлиши инсон ҳаётини сақлаб қолиш учун муҳим эканлигини кенг тарғиб қилиш бўйича манзилли чора-тадбирларни амалга оширилиши белгиланган бўлиб, яъни ушбу норма тавсиявий аҳамиятга эга”, дейилади ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг муносабатида.
Қайд этилишича, йўл ҳаракати қоидаларининг 167-бандига кўра, велосипед йўлкаси бўлмаган ҳолда йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланаётган велосипедчилар сутканинг қоронғи вақтида ва етарлича кўринмайдиган шароитда нур қайтаргичли камзулда ёки нур қайтарувчи элементли парчалари бўлган устки кийимда бўлиши шартлиги белгиланган.
“Жамоатчилик ва ОАВдан турли тахмин ва миш-мишлардан иборат ахборотни тарқатмасликларини сўраймиз”, дея қўшимча қилинади муносабатда.
Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳам мазкур ҳолат юзасидан қўшимча тушунтириш берди. Қайд этилишича, бу пиёдалар учун мажбурий эмас, балки тавсиядир.
“Йўл ҳаракати қоидаларига кўра, йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланаётган велосипедчилар ҳамда йўлни таъмирлашга масъул ходимлар қоронғида нур қайтаргичли камзулда бўлиши кераклиги белгиланган.
Мазкур талаб бошқа шахсларга, шу жумладан, пиёдалар учун мажбурий эмас, тавсиявий характерга эга”, деган Адлия вазирлиги.
Шунингдек, Адлия вазирлиги Ички ишлар вазирлигининг пиёдаларнинг ҳам қоронғида нур қайтаргичли нимчаларда юриши кераклиги ҳақидаги ташаббусини ҳам қонунчилик билан оқлашга уринган.
“Қонунчиликда Ички ишлар вазирлиги томонидан пиёдаларнинг қоронғида ҳаракатланаётганда нур қайтарувчи устки кийимда бўлишини тарғиб қилиш йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олишда муҳим вазифалардан бири эканлиги қайд этилган”, дейилади Адлия баёнотида.
LiveБарчаси