Facebook ва Instagram ўйлаганимиздек ишончли эмас. Meta’да фирибгар ходимлар ушланди

Технология 6146
image
-

Меtа корпорациясининг бир неча ходимлари фойдаланувчиларнинг аккаунтларини эгаллаб олгани учун ишдан бўшатилди ёки уларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” нашри хабар берди. 

Қайд этилишича, собиқ ходимлар Fаcebook'нинг ички механизмига кириш имконига эга бўлган. Улар пароль ва логинларини унутган ёки саҳифалари хаккерлар томонидан бузиб кирилган фойдаланувчиларга ёрдам бериш учун фойдаланилган. Бўшатилган ходимлар эса хаккерларга фойдаланувчиларнинг ҳисобларига кириш учун рухсат берган ва бунинг учун минглаб доллар пора олган.

Меtа вакили Энди Стоуннинг қайд этишича, фирибгарлик хизматлари онлайн платформаларни доимий равишда нишонга олади. Бундан Меtа ҳам ҳоли эмас. 

“Фирибгарлик хизматининг провайдерлари ҳар доим онлайн платформаларни нишонга олишади. Шу жумладан бизнинг компания ҳам нишонга айланади. Фирибгарлар ўзларининг тактикасини саноатда қўлланиладиган хавфсизлик чораларига қараб мослаштиради”, деган Стоун. 

Унинг қўшимча қилишича, компания бундай схемалар иштирокчиларига қарши чора кўришда давом этади.

Нашрнинг тушунтиришича, кўпчилик ҳаётини ижтимоий тармоқларга боғлаган. Бошқа бировнинг шахсий ҳисобини қўлга киритиш эса фойдали бизнес. Facebook ёки Instagram'даги бегона саҳифаларга кириш имконияти ўн минглаб долларга сотилиши мумкин. Бу эса 3 миллиарддан ортиқ фойдаланувчисини тўлиқ қўллаб-қувватлаш имконига эга бўлмаган Меtа учун катта ва чалкаш муаммоларни келтириб чиқаради. Компания эса келгусида ушбу муаммоларга ечим топилишини айтади.

Эслатиб ўтамиз, Меtа асосчиси Марк Цукерберг компания ишчиларини 13 фоизга қисқартирмоқчи эканлиги маълум бўлди. Бу дегани 11 минг киши ўз иш жойидан айрилади.

Аввалроқ, Тwitter'да ишдан бўшашнинг янги тўлқини бошлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, дунёнинг энг йирик интернет дўкони Амаzon ҳам 10 минг ишчисини бўшатмоқчи экани ҳақида хабарлар тарқалди.

Маъруф Абдумаликов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 115
Рейтинг: 2.8
t
×