Facebook онлайн савдога мўлжалланган янги бўлимни ишга туширди
Технология
−
26 Август 2020
3061Facebook компанияси шу номдаги ижтимоий тармоқ асосида ишлайдиган онлайн харидлар учун янги бўлимни тақдим этди. Компания раҳбариятининг таъкидлашича, ушбу янгилик харидорлар учун ҳам, интернет дўкон эгалари учун ҳам савдони соддалаштиришга мўлжалланган. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Жорий йил баҳорда Facebook тадбиркорларга тўғридан-тўғри ижтимоий тармоқдан онлайн дўконлар яратишга имкон берадиган функцияни тақдим этганди. Компания коронавирус пандемияси шароитида тактил алоқасиз савдо-сотиққа талабни ошириш мақсадида шундай йўл тутди.
Шубҳасиз, янги функция сотувчиларга ҳам, харидорларга ҳам ёқиб тушди. Шунинг учун, компания ушбу технологияни такомиллаштиришга қарор қилди. Энди керакли дўконни излаб ўтиришнинг ҳожати йўқ, уларнинг барчаси Facebook Shop бўлимида мавжуд.
Ушбу янгилик ёрдамида фойдаланувчилар ўзларига керакли маҳсулотни қидиришлари, сотувчига мурожаат қилиб, саволларига жавоб олишлари ва Facebook иловаси ёрдамида тўғридан- тўғри тўловни амалга оширишлари мумкин. Бундан ташқари, шунга ўхшаш функция Facebook`га қарашли Instagram`да ҳам ишга туширилган.
“Биз харидларни осонлаштирмоқчимиз, умид қиламизки, кичик тадбиркорлардан тортиб, йирик фирмаларгача ўз мижозлари билан боғланиш ва бизнесларини ривожлантириш учун бизнинг иловамиздан фойдаланиш қўл келади”, дейилади компания баёнотида.
Ушбу янги функция ҳозирча фақатгина АҚШда истиқомат қилувчилар учун мавжуд.
Рушанабону Султонова
LiveБарчаси