Сенатор FaceApp бўйича махсус хизматдан изоҳ сўради
Олам
−
19 Июль 2019
5683Америкалик сенатор Чак Шумер суратларни ўзгартириб берувчи FaceApp дастури америкаликлар хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин деб ҳисоблаяпти. Бу ҳақда у Федерал қидирув бюросига (ФҚБ) юборган мурожаатида айтиб ўтган.
“ФҚБ ва Федерал савдо миссияси миллий хавфсизлик ва махфийликка бўлган хавфларни кўриб чиқиши керак. Негаки миллионлаб америкаликлар ундан (FaceApp`дан) фойдаланди”, дейди Шумер.
Демократлар партиясидан бўлган сенаторни фойдаланувчилар дастурга ўз шахсий суратларига кириш ҳуқуқини бериши кераклиги ҳайрон қолдирган. Унинг сўзларига кўра, шу тариқа миллионлаб америкаликларнинг шахсий маълумотлари дастурни бошқарувчи россияликлар қўлига тушади.
Шумер ўз мурожаати якунида ҳозир душман кайфиятдаги давлатлардан фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш ҳар доимгиданда муҳимлигини таъкидлаган.
FaceApp компанияси ходимлари америкалик сенаторнинг иддаосига жавоб қайтариб, барча юкланган маълумотлар ўз вақтида ўчирилишини ва бошқа шахслар қўлига ўтмаслигини маълум қилди. Маълумотлар 48 соатда ўчириб юборилар экан.
Аввалроқ, Ижтимоий тармоқларда кексайиш акцияси жадал тарзда давом этаётгани ва FaceApp фойдаланувчилари 100 млндан ошгани ҳақида хабар берган эдик. Сўнгги 10 кунликда ижтимоий тармоқлар санъаткорлар, спортчилар, сиёсат ва жамоат арбобларининг қандай кексайиши тахминий акс этган суратлар билан тўлиб тошди. Бунинг ортидан оддий одамлар, айниқса, ёшлар эргашиб, FaceApp дастурининг машҳур бўлишига ҳисса қўшишмоқда.
LiveБарчаси