Эй, хон! – қозоғистонлик деҳқонлар ҳокимга тиз чўкиб, мурожаат қилди
Олам
−
14 Октябрь 2022
29228Ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ одамлар Қозоғистоннинг Туркистон вилояти ҳокими Дархон Сотибалди билан учрашувга келгани айтилаётган видео тарқалмоқда.
Видеода кўриш мумкин, келганлардан бири: “Бизга ҳоким эмас, хон келди (вилоятга – таҳр.). Хондан тиз чўкиб сўрашингиз керак. Шунинг учун, таъзим қилинг, ҳеч бўлмаганда олдингизга чиқсин”, деган.
Шундан сўнг 50 га яқин киши, дарвоқе, асосан кексалар, хотин-қизлар ҳам бор, “Эй хон!” деб таъзим қилган.
Туркистон вилояти ҳокими матбуот хизмати видеодагилар Шардара, Тўлебий, Жетисой, Мақтарал ва Ўрдабаси туманлари деҳқонлари эканини маълум қилди. Улар пахта нархи масаласини ҳал қилишда ёрдам бериш учун ҳоким ҳузурига келишган.
“21 сентябрь куни ҳоким йиғилиш ўтказди, деҳқонлар билан учрашди. Агар пахтани қайта ишлаш корхоналари ва харидорлар 1 тонна пахта нархини 180 минг тенге деб баҳолаган бўлса, музокаралар чоғида нарх 250 минг тенге этиб тасдиқланди. Айни пайтда пахта хомашёсини қабул қилиш учун 209 пахта қабул қилиш пункти ва 22 пахтани қайта ишлаш корхонаси фаолият юритмоқда. Бироқ бу борада эътиборга олиш керак бўлган битта муаммо борки, пахтани қайта ишлаш корхоналари хусусий бўлганлиги учун маҳаллий ижро ҳокимияти органлари томонидан талаб қўйилмайди”, дейилади ҳокимлик хабарида.
Шу боис вилоят ҳокимлигидан Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига пахта етиштириш учун субсидиялар ажратиш бўйича таклиф юборилган. Аммо деҳқонлар ҳокимга мурожаатида айтган яна бир мунозарали масала – ер масаласи. Деҳқонлар ҳоким Дархон Сотибалдидан масаланинг ечимига таъсир кўрсатишни сўраган.
“Аниқланишича, Ўрдабаси туманида жойлашган “Иқиласлас-Темир” ишлаб чиқариш кооперативида низо келиб чиққан бўлиб, иш судда кўриб чиқилмоқда. Маҳаллий ҳокимият органларининг суд жараёнига аралашуви қонун билан тақиқланган”, дейилади Туркистон вилояти ҳокими матбуот хизмати хабарида.
Дархон Сотибалдининг олдига келган деҳқонлар билан унинг ўринбосарлари ва тегишли бошқармалар бошлиқлари учрашиб, тушунтириш ишларини олиб борган.
LiveБарчаси