Эстония ва Литва Грузия ҳукумати вакилларига санкция киритди
Олам
−
03 Декабрь
896Литва ва Эстония Грузиянинг 11 нафар юқори мартабали раҳбарларига, жумладан, Грузия Ички ишлар вазири Вахтанг Гомелаури ҳамда “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси асосчиси Бидзина Иванишвилига ўз ҳудудларига киришни тақиқлади. Бу ҳақда мамлакатлар Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, бундан аввалроқ Литва, Латвия ва Эстония Грузия ҳукуматига қарши санкциялар жорий этиш бўйича келишувга эришган. Ушбу чекловлар Грузия ҳукумати томонидан Европа Иттифоқига интеграциядан бош тортиш ортидан бошланган оммавий норозиликлар фонида қабул қилинган.
Эстония Ташқи ишлар вазирлигига кўра, ушбу чекловлар “Грузиянинг ўзини ўзи эълон қилган” ҳукуматининг юқори раҳбариятига қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг октябрь ойида “Грузия орзуси” партиясининг парламент сайловларида ғалаба қозониши ортидан мамлакатда норозилик намойишлари бошланганди. Вазият ноябрь ойининг охирида Бош вазир Ираклий Кобахидзе Грузиянинг Европа Иттифоқига аъзолик бўйича музокараларни бошлашни 2028 йилгача қолдириш қарорини эълон қилганидан сўнг янада кескинлашди.
Намойишчиларни Грузия амалдаги Президенти Саломе Зурабишвили ҳам қўллаб-қувватламоқда. У шахсан норозилик намойишларига чиқиб, парламентни ноқонуний деб атади ҳамда ваколатларини топширишдан бош тортишини эълон қилди.
LiveБарчаси
Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат жорий этилди.
03 Декабрь