Эски турар-жойлар совуқ ўтказмайдиган қатлам билан қопланади
Жамият
−
24 Январь 2023
9801Ўзбекистонда мустақиллик давригача қурилган эски турар-жой биноларининг ташқи томони базалт (шовқин ва ҳароратни меъёрида сақлашга хизмат қилувчи қурилиш ашёси) билан қопланади. Бу ҳақда кеча, 23 январь куни бўлиб ўтган Бош вазир Абдулла Арипов раислигидаги видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Қайд этилишича, бугунги кунда республика бўйича жами 40 мингта кўп қаватли уй-жой мавжуд. Шундан 31 мингга яқини 1991 йилгача қурилган. Шу боис, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда ушбу 31 мингта уйнинг ташқи фасад қисмини базалт билан қоплаш топшириғи юклатилди.
Бундан ташқари, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги эндиликда янгидан қуриладиган кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларини қуришда энергия тежамкор қурилиш материаллари ва жиҳозлардан фойдаланишни мажбурий этиб белгилаши ҳам маълум қилинди.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда республикамизда жами 13,2 минг тонна базалт хом ашёси ишлаб чиқарилмоқда. Бу эса йиллик эҳтиёжнинг 30 фоизини ҳам ташкил этмайди.
Нурмуҳаммад Файзуллаев
LiveБарчаси