“Эшикни очинг, МИБдан келдик”. Фарғонада ота-она чақалоғини ёқиб юбормоқчи бўлди
3-саҳифа
−
14 Октябрь 2021
10990Фарғона вилоятида Мажбурий ижро бюроси ходимларига ўз чақалоғини бензин билан ёқиб юбориш билан таҳдид қилган қарздор аёл ва унинг эрига жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Хабар берилишича, жорий йилнинг 9 сентябрида МИБ Қувасой шаҳар бўлими иш юритувида қарздор аёл З.Б.дан фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 8 февралдаги қарорига асосан банк фойдасига 32,5 миллион сўм қарздорликни ундириш белгиланган бўлган.
Ушбу ижро иши бўйича МИБ, шаҳар ФВБ ёнғин-қутқарув қисми ходимлари, тез ёрдам шифокорлари, шаҳар ИИБ ходимлари ҳамда маҳалла раиси иштирокида З.Б.нинг уйига ижро ҳаракатларини амалга ошириш учун борган. Шу пайт З.Б. ва унинг турмуш ўртоғи А.Б. мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилишига фаол қаршилик қилиб, МИБ ходимларини турли сўзлар билан ҳақорат қилишган.
Қолаверса, улар МИБ ходимларини қўлидаги чақалоғи устидан бензин сепиб, ёқиб юбориш билан қўрқитган.
Жорий йилнинг 12 октябрь куни З.Б. ва А.Б.га нисбатан шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми (хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахс қандай шаклда бўлмасин ўзининг хизмат вазифасини бажаришдан воз кечишга мажбур қилиш) ва 140-моддаси 3-қисми “а” банди (жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда ҳақорат қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
LiveБарчаси