Эртага ЕИ учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга саммит бўлади – Макрон
Олам
−
13 Декабрь 2023
8904Эртага, 14 декабрь куни Европа Иттифоқи давлатлари Брюсселдаги саммитда янги давлатларни ўз ҳамжамиятига қабул қилиш истиқболларини муҳокама қилишни режалаштирмоқда. Бу Украина, Молдова, Грузия ва Ғарбий Болқон мамлакатлари учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Бу ҳақда Франция Президенти Эммануэль Макрон бугун, 13 декабрь куни Словения Бош вазири Роберт Голоб билан учрашувдан олдин айтиб ўтди.
"Биз Брюсселда бўлиб ўтадиган ЕИ саммитини ва хусусан, ҳамжамиятни кенгайтириш масаласини муҳокама қиламиз. Бизда Европа Комиссиясининг аъзоликка номзод бўлган давлатлар бўйича тавсияси бор. Украина, Грузия, Молдова ва Ғарбий Болқоннинг барча мамлакатлари бўйича қарор қабул қилишимиз керак. Эртага бўлиб ўтадиган муҳокамалар ҳал қилувчи бўлади”, деган Макрон.
Шунингдек, у Франция ва Словения “Украинани ҳарбий, иқтисодий, дипломатик ва гуманитар жиҳатдан зарур бўлган вақтгача қўллаб-қувватлашга содиқлигини” қўшимча қилган.
Макроннинг қайд этишича, эртанги муҳокамалар Европа Иттифоқига аъзо давлатлари учун ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга, чунки унда ҳамжамиятни ислоҳ қилиш масаласи кўриб чиқилади.
Шу нуқтаи назардан, у 2022 йилда Франция ташаббуси билан тузилган Европа сиёсий ҳамжамиятининг форматини янада ривожлантириш зарурлигини таъкидлаган.
Тахминларга кўра, ушбу форматда иштирок этиш Брюссель ўз орбитасига чиқишга интилаётган, аммо ЕИга қўшилиш имконияти билан мотивация беришга тайёр бўлмаган давлатлар учун Европа Иттифоқига аъзолик истиқболини алмаштиради.
“Тўғри, Европа Иттифоқи етакчиларининг бўлажак учрашуви қийин бўлади, лекин жамият келажаги учун, хусусан, кенгайиш нуқтаи назаридан бу жуда муҳим. Агар биз бу кенгайиш самарали бўлишини истасак, ички ислоҳотларни, жумладан, кенгайиш тартиб-қоидаларини ва Европа Иттифоқи доирасида қарорлар қабул қилишни амалга оширишимиз керак”, деган Голоб.
Маълумот учун, Европарламент Страсбургдаги ялпи мажлисда Европа Иттифоқи етакчиларини 14-15 декабрь кунлари Брюсселда бўлиб ўтадиган саммитда Украина, Молдова ва Босния ва Герцеговинанинг аъзо бўлиш бўйича музокараларни очишни қўллаб-қувватлашга чақирувчи резолюция қабул қилган. Европарламент депутатлари ҳам Грузияга расмий номзод мақомини бериш тарафдори, аммо бунинг учун маълум чоралар кўрилиши шарти билан чиқди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь