Эртага Пўлат Бобожонов Сенатга ҳисоб беради
Жамият
−
03 Август 2022
9274Эртага, 4 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма тўққизинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтади. Бу ҳақда бор-йўғи бир неча соат аввал, 3 август куни Олий Мажлиси Сенати Кенгашида қарор қабул қилинди.
Ялпи мажлисни икки кун давомида видеоконференцалоқа шаклида ўтказиш режалаштирилган.
Навбатдаги ялпи мажлисда:
• “Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексини тасдиқлаш тўғрисида”;
• “Давлат қарзи тўғрисида”;
• “Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”;
• “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 206-1-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги кўриб чиқилади.
Ялпи мажлисда “Судларнинг фаолияти рақамлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунларни муҳокама қилиш назарда тутилган.
Бундан ташқари, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2022 йил I ярим йиллиги якуни бўйича бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини эшитиш режалаштирилган.
Шунингдек, сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маъруза ҳақидаги ахбороти муҳокама этилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ахбороти ҳам эшитилади.
Ялпи мажлисда қонунларнинг ижроси ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан амалга оширилган мониторинг натижаларини муҳокама қилиш назарда тутилган.
Сенаторлар томонидан Бухоро вилояти ҳокимининг туризм соҳасини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш юзасидан вилоятда олиб борилаётган ишлар бўйича ҳисоботини ҳам эшитади.
Ялпи мажлисда Оролбўйи минтақасида экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижро этилиши ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровини юбориш масаласи кўриб чиқилади.
Сенаторлар енгил саноат ва чарм саноати корхоналарида хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳолати юзасидан ҳукуматга юборилган парламент сўрови натижаларини ҳам муҳокама қилади.
Ялпи мажлис кун тартиби доирасида Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарорларини ҳам тасдиқлаш назарда тутилган.
LiveБарчаси