Эртага инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми бошланади, Президент иштирокчиларга мурожаат йўллаши кутилмоқда

Жамият 2664
image

Жорий йилнинг 12-13 август кунлари ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига бағишлаб, Инсон ҳуқуқлари бўйича "Ёшлар-2020: глобал бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари" Самарқанд веб-форуми бўлиб ўтади. 

Унинг очилиши БМТ томонидан Халқаро ёшлар куни деб эълон қилинган муҳим санага тўғри келмоқда. 

"Ёшлар 2020: глобал бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзусидаги ушбу халқаро анжуман айнан ёшлар ҳуқуқларини тарғиб қилишнинг долзарб масалаларига бағишланган бўлиб, пандемия туфайли илк бор ёшларга мос ахборот технологияларини қўллаган ҳолда, он-лайн ўтказилмоқда. 

Тадбир ташкилотчилари: Ўзбекистон Ҳукумати номидан – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, БМТнинг Ўзбекистондаги жамоаси, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Фридрих Эберт фонди ҳисобланади.

Форум ишида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Европа Кенгаши, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Африка Иттифоқи тизимидаги ёшлар тузилмалари раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро, минтақавий ва миллий институтлар, жаҳон ёшлар ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, олимлар ва экспертлар иштирок этмоқда. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентлари, Ёшлар ишлари бўйича агентлик, шунингдек мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 30 дан зиёд ёшлар ташкилоти  вакиллари ҳам қатнашмоқда. Самарқанд веб-форуми иштирокчиларининг жами сони 700 нафардан ортиқ кишини ташкил этмоқда.

Маълумотларга кўра, Халқаро анжуманнинг расмий очилиш маросимига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов билан БМТнинг Наркотиклар ва жиноятга қарши кураш бўйича бошқармасининг минтақавий вакили Ашита Миттал модераторлик қилади. 

Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми иштирокчиларига Мурожаатномасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева ўқиб эшиттириши кутилмоқда. 

Халқаро анжуман иштирокчилари 2017 йил 19 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТнинг 72-сессиясида таклиф қилинган халқаро ташаббуслар доирасида ишлаб чиқилган Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенция лойиҳасини муҳокама қиладилар. Мазкур Конвенция - том маънодаги янги ҳужжат бўлиб, унда ёшларнинг ҳозирги замонда дунё миқёсида эътироф этилиши зарур бўлган ҳуқуқлари ўз аксини топган. 

Энг асосийси, Конвенцияда "ёшлар сиёсати" тушунчаси моҳиятига ҳаётнинг турли соҳа ва тармоқлари: давлат ва хусусий сектор, шунингдек нодавлат ташкилотларнинг ёшларга қаратилган фаол фаолиятига доир сиёсат сифатида кенг маъно сингдирилган.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 19
Рейтинг: 3.2
t
×