Эртага Эрдўған ўзи “мушт туширган” Бош вазир билан учрашади

Олам

image

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Прагада Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашади ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан тўрт томонлама форматда музокаралар ўтказади. Бу ҳақда у бугун, 5 октябрь куни бўлиб ўтган Ҳукумат соатидаги нутқида маълум қилган. 

“Прагада тўрт томонлама учрашув бўлиб ўтади, унда Франция ва Озарбайжон Президентлари Эммануэль Макрон ва Илҳом Алиев, шунингдек, Европа кенгаши раиси Шарль Мишель иштирок этади. Шунингдек, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан ҳам учрашув режалаштирилган”, дейди Пашинян. 

Кеча, 4 октябрь куни Туркиянинг “Sabah” газетаси ўз манбаларига таяниб, Эрдўған Пашинян билан 6 октябрь куни Прагада Европа сиёсий ҳамжамияти саммити доирасида учрашиши ҳақида хабар берди. Газетанинг қайд этишича, музокараларда Туркия ва Арманистон муносабатларини нормаллаштириш масаласи муҳокама қилинади. Хусусан, Эрдўған Пашинянга икки томонлама муносабатларни тартибга солиш бўйича махсус вакиллар учрашувларини учинчи давлатлар ҳудудида эмас, навбатма-навбат Туркия ва Арманистонда ўтказишни таклиф қилиши кутилмоқда.  

Бундан ташқари, Туркия раҳбари минтақадаги кескинликни пасайтириш ва Арманистон ва Озарбайжон ўртасида имкон қадар тезроқ тинчлик шартномасини имзолаш бўйича таклифлар киритади. 

Умумий чегарага қарамай, Арманистон ва Туркия ўртасида дипломатик алоқалар мавжуд эмас. 2009 йилда Цюрихда икки давлат ташқи ишлар вазирлари уларни таъсис этиш тўғрисидаги протоколларни имзолаган, бироқ бу ҳужжатлар томонлар томонидан ратификация қилинмаган. 2018 йил 1 март куни Арманистон протоколлар бекор қилинганини эълон қилди. 

2021 йилда икки давлат ўзаро муносабатларни тартибга солиш бўйича махсус вакилларни тайинлади. Туркия ва Арманистон вакиллари қатор музокаралар олиб борди. 1 июль куни Венада бўлиб ўтган йиғилишда учинчи давлат фуқароларининг Арманистон-Туркия қуруқлик чегарасини тезроқ кесиб ўтиш имкониятини таъминлаш ва Арманистон ва Туркия ўртасида юкларни тўғридан-тўғри ҳаво орқали ташишни йўлга қўйишга қарор қилинди.

Шуни алоҳида урғулаш керакки, 2020 йилнинг сентябрь ойида Озарбайжон ва Арманистон ўртасида Қорабоғ учун бошланган урушда Туркия тўлиқ Озарбайжонни қўллаб-қувватлаб, юқори даражада ҳарбий кўмак берган эдик. Шунингдек, Президент Эрдўған бир неча бор Арманистоннинг 30 йиллик ишғол даврида Қорабоғни вайрон қилганини тилга олган ва Пашинян ҳукуматини танқид қилганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Озарбайжон Арманистон

Баҳолаганлар

346

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг