Эроннинг “донғи кетган” қамоқхонасида ёнғин юз берди
Олам
−
16 Октябрь 2022
7905Эроннинг машҳур Эвин қамоқхонасида катта ёнғин содир бўлди ва бунинг оқибатида 8 киши жабрланди. Бу жой кўплаб сиёсий маҳбуслар, журналистлар ва хориж фуқаролари сақланиши билан таниқли. Интернетда тарқалган видеоларда Теҳрондаги хибсхонада аланга ва тутун акс этган, отишма ва портлаш овозлари эшитилмоқда, деб ёзмоқда BBC.
Манбаларга кўра, қамоқхонадаги вазият сўнгги намойишлар билан боғлиқлиги ҳозирча номаълум.
Давлат оммавий ахборот воситалари ёнғинда “жиноят унсурлари”ни ҳисобга олган ҳолда, иккала воқеаларнинг бир-бирига боғлиқ эмаслигини тахмин қилмоқда.
Қамоқхонадан туриб гапирган Теҳрон губернатори давлат телевидениесига хибсхонанинг майда жиноятчилар яшайдиган қанотида тўполон бўлганини ва ҳозирда вазият бутунлай тинч эканини айтди.
Ёнғин ва тутуннинг драматик лавҳалари биринчи марта кеча, 15 октябрь куни кечқурун ижтимоий тармоқларда эълон қилинди.
Бир нечта видеоларда ўқ овозлари ва портлашларни эшитиш мумкин, бошқаларида эса қамоқхона ташқарисида одамлар ҳукуматга қарши норозилик ҳаракатининг асосий шиорларидан бири бўлган “диктаторга ўлим” деб ҳайқирганлари эшитилади.
Қамоқхона ташқарисида катта оломон тўпланган, транспорт ҳаракати тўхтаб қолган ва тартибсизликни бостириш учун полицияси иншоотга кирган.
Қамоқхона узоқ вақтдан бери Ғарб ҳуқуқ ташкилотлари томонидан танқид қилинган. Human Rights Watch ташкилоти қамоқхона маъмурларини қийноқлар ва муддатсиз қамоқ жазоси билан таҳдид қилишда, шунингдек, узоқ давом этган сўроқларда ва маҳбусларга тиббий ёрдам кўрсатилмаганликда айблаб келади.
Ўзларини “Эдалат-э Али” (Алининг адолати) деб атаган бир гуруҳ хакерлар ўтган йилнинг август ойида Эвин қамоқхонасида қўриқчиларнинг маҳбусларни калтаклагани ва қўпол муомала қилгани акс этган видеоларни эълон қилган эди.
АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби воқеаларни тезкорликда кузатиб бораётганини айтди, Буюк Британия ҳукумати хавфсизлик вазири эса қамоқхонадаги бу ҳолатни "жуда хавотирли воқеа" деб атади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 сентябрь куни Эронда ахлоқ полицияси томонидан нотўғри ҳижоб кийгани учун ҳибсга олинган 22 ёшли талаба Маҳса Амини вафот этди. Унинг вафотидан сўнг мамлакатда норозилик намойишлари бошланди.
Намойиш сифатида бутун мамлакат бўйлаб аёллар ҳижобни ёқиб, сочларини кесмоқда. Ушбу норозилик дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам акс-садо bermoqda. Намойишчилар кўчаларни тўсиб, хавфсизлик кучларига тош отди, полиция машиналари ва ахлат қутиларига ўт қўйди, ҳукуматга қарши шиорлар айтишди.
Амини ўтган ҳафта пойтахтда Эрон ахлоқ полицияси томонидан аёлларнинг сочларини ҳижоб ёки рўмол, қўл ва оёқларини кенг кийим билан ўрашни талаб қилувчи қонунни бузганликда айбланиб ҳибсга олинган эди.
Қўлга олинганидан уч кун ўтгач, Амини вафот этди. Расмийларга кўра, ўлимга "юрак етишмовчилиги" сабаб бўлган. Аммо марҳумнинг қариндошлари қизнинг юрагида ҳеч қачон муаммо бўлмаганини даъво қилмоқда. Улар жабрланувчини калтаклаш оқибатида вафот этган, деб тахмин қилмоқда.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари вазифасини бажарувчи Нада Ал-Нашиф Амини полиция томонидан калтаклангани ҳақидаги хабарларга ишора қилди.
Америка Қўшма Штатлари ҳибсга олингандан кейин вафот этган эронлик Маҳса Амини ўлими сабабли Эроннинг ахлоқ полициясига қарши санкциялар киритди. Кейинроқ Канада ҳам бир неча ўнлаб Эрон расмийлари, бизнес вакиллари, шунингдек, Эрон ахлоқ полициясига қарши санкциялар жорий этишга қарор қилди.
Мусулмон Зиё
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь