“Эронни тош даврига қайтарамиз”. Трамп яна янги ваъда берди
Олам
−
09:09 4588 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп мурожаатида Эрон билан ҳарбий операция деярли барча мақсадларга эришгани ва яна 2–3 ҳафта давом этишини маълум қилди. Трампнинг бу ҳақдаги сўзларини “Associated Press” келтирди.
Унинг айтишича, яқин ҳафталарда Эрон ҳудудига жуда кучли зарбалар берилади.
“Биз уларга жуда кучли зарбалар берамиз ва уларни тош даврига қайтарамиз”, деган Трамп.
Президентнинг таъкидлашича, Эрон аллақачон ўзининг флотидан ва ҳарбий-ҳаво кучларидан деярли маҳрум бўлган.
“Агар Эрон келишувга рози бўлмаса, АҚШ мамлакатдаги барча электр станцияларига бир вақтнинг ўзида кучли зарбалар беради”, деган Оқ уй раҳбари.
Аввалроқ, АҚШ Эроннинг энергетика инфратузилмасига зарбаларни 6 апрелгача тўхтатиб тургани ҳақида айтилганди. Бу қарор Теҳрон билан музокаралар фонида қабул қилинган, бироқ Эрон расмийлари бундай музокаралар борлигини рад этган.
Шунга қарамай, Трампнинг айтишича, Теҳрон АҚШнинг урушни тугатиш бўйича 15 бандлик режасининг аксариятига рози бўлган, аммо бу фараз ҳалигача ўз тасдиғини топмади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Эроннинг янги раҳбарияти АҚШга сулҳ тузиш бўйича сўров юборгани ҳақида айтганди. Унинг сўзларига кўра, Вашингтон розилиги учун асосий шарт Ҳормуз бўғозининг очилиши ҳисобланади. Ушбу стратегик сув йўли блокададан чиқарилмагунча, Америка ҳарбийлари Эронни “кул-талқон қилишда ёки айтилганидек, тош даврига қайтаришда” давом этади.
Live
Барчаси