Эрондаги намойишларда хавфсизлик ходимини ўлдиришда айбланган 2 киши қатл қилинди
Олам
−
07 Январь 2023
5092Эрон норозилик намойишлари пайтида хавфсизлик ходимини ўлдиришда айбланган икки киши осиб ўлдирилди. Бу ҳақда “Reuters” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 7 январь куни Эрон ҳукумати ўтган йилнинг сентябрь ойида 22 ёшли Маҳса Амини ўлими ортидан бўлиб ўтган умуммиллий намойишлар пайтида хавфсизлик ходимини ўлдиришда айбланган икки кишини қатл этди. Осилган икки киши Басиж ҳарбийлаштирилган кучлари милицияси аъзосини ўлдиришда айбланган. Худди шу ҳолатда яна уч киши ўлимга маҳкум этилган, 11 киши эса қамоқ жазосини олган.
Маълум бўлишича, ўлим жазосига ҳукм қилинганлар ҳимоя қилиниш ва ўзлари танлаган адвокатларни ёллаш ҳуқуқидан маҳрум этилган.
Норозилик намойишлари Эрон Ислом Республикаси ташкил этилганидан бери Ислом Республикаси учун энг катта муаммолардан бири ҳисобланади.
Аввалроқ, Норвегияда жойлашган Эрон Инсон Ҳуқуқлари Ташкилоти 22 ёшли Маҳса Амини ўлими ортидан Эрон Ислом Республикасини қамраб олган оммавий намойишларда 458 киши ҳалок бўлганини айтгани ҳақида хабар берилган эди.
Маҳса Амини вафоти ва намойишлар
2022 йилнинг 16 сентябрь куни Эронда ахлоқ полицияси томонидан нотўғри ҳижоб кийгани учун ҳибсга олинган 22 ёшли талаба Маҳса Амини вафот этди. Унинг вафотидан сўнг мамлакатда норозилик намойишлари бошланди.
Намойиш сифатида бутун мамлакат бўйлаб аёллар ҳижобни ёқиб, сочларини кесди. Ушбу норозилик дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам акс-садо берди. Намойишчилар кўчаларни тўсиб, хавфсизлик кучларига тош отди, полиция машиналари ва ахлат қутиларига ўт қўйди, ҳукуматга қарши шиорлар айтди.
Амини пойтахтда Эрон ахлоқ полицияси томонидан аёлларнинг сочларини ҳижоб ёки рўмол, қўл ва оёқларини кенг кийим билан ўрашни талаб қилувчи қонунни бузганликда айбланиб ҳибсга олинган эди.
Қўлга олинганидан уч кун ўтгач, Амини вафот этди. Расмийларга кўра, ўлимга “юрак етишмовчилиги” сабаб бўлган. Аммо марҳумнинг қариндошлари қизнинг юрагида ҳеч қачон муаммо бўлмаганини даъво қилган. Улар жабрланувчини калтаклаш оқибатида вафот этган, деб тахмин қилган. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари вазифасини бажарувчи Нада Ал-Нашиф Амини полиция томонидан калтаклангани ҳақидаги хабарларга ишора қилди.
Америка Қўшма Штатлари ҳибсга олингандан кейин вафот этган эронлик Маҳса Амини ўлими сабабли Эроннинг ахлоқ полициясига қарши санкциялар киритди. Кейинроқ Канада ҳам бир неча ўнлаб Эрон расмийлари, бизнес вакиллари, шунингдек, Эрон ахлоқ полициясига қарши санкциялар жорий этишга қарор қилди.
Озода Чориева
LiveБарчаси